Душанба, 9 август куни Тошкент халқаро аэропортида Токиo-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросим давомида «Газета.uz» мухбири Оғабек Самисов спортчилар ҳамда уларнинг оналари ва МОҚ бош котиби билан қисқача интервью ўтказди.

Самолёт учиб келишидан аввал аэропорт ичкарисида Ўзбекистон делегациясининг ярми ҳамда спортчиларнинг ота-оналари жам бўлган эди. Дастлаб, ўзбекистонлик таэквондочи Нигора Турсунқулова ўзининг Олимпиада ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.

Нигора Турсунқулова. Фото: Дилруҳ Исомиддинова

«Иккинчи марта Олимпия ўйинларида иштирок этишим мен учун катта бахт. 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси спортчи учун энг катта бахт ҳисобланади. Бу мусобақада ўз иштирокимни медалсиз якунладим. Спортчилар кучли бўлди. Мен жуда ҳам кучли спортчилар билан тўқнаш келдим. Биринчи рақибим хитойлик Жанг Менгю бўлди. Бу ҳам мен учун катта тажриба бўлди. Golden score`да ютқаздим, катта бўлмаган фарқда. Лекин юқорида айтганимдек, бу мен учун жуда катта тажриба бўлди», — деди у.

Кейинроқ интервью беришдан бўшамаётган ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Якубова ҳам «Газета.uz»га ўз фикрларини айтиб ўтди.

«Ичимдан ўтган ҳисларни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Чунки фарзандимнинг азалий орзуси амалга ошди. У дадасига берган ваъдаси, президентимизга ва халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқди, юзи ёруғ бўлди, шундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Кўзимнинг ёшларини тия олмадим. Бугун ҳам телевидениега таклиф қилишганида ўғлимни кўрсатишган вақти яна йиғлаб юбордим. Менинг ўғлим халқимизнинг фарзандига айланиб бўлган экан. Халқимиз уни жуда ҳам яхши кўрар экан, бундан бошим кўкларга етди», — дея таъкидлади у ўғлининг Олимпия ўйинларидаги иштироки ҳақида.

Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг онаси. Фото: МОҚ

Ундан ўғлининг финал жангини нима учун кўра олмаганлиги ҳақида сўралганида, Сабоҳат Якубова ҳар бир она учун фарзандига тушган зарба — унинг юрагига тушган зарба бўлиши ҳақида айтди.

«Баҳодирнинг бир жойига зарба тушса тасаввур ҳам қилолмайман. Шунинг учун кўришни ҳам хоҳламайман. Мен фақат дуо қилиб ўтираман „фарзандим олдимга соғ-омон қайтсин“, деб. Ёлғизгина ўғлим дейман. Қизларим турмушга чиқиб кетган. Унга битта зарба тегса ҳам кўтара олмайман. Ўғлимга „жангга тушган вақтинг мен учун ҳам ўзингни асра“, деб айтиб қўяман. „Рақибларингга ҳам шикаст етказмагин, ўзинг ҳам чиройли жанг қилгин“, дейман. Телевизорда Баҳодир Жалолов энг тартибли жанг қиладиган дейишибди, бу гаплардан ҳам хурсанд бўлдим», — дея қўшимча қилади Олимпиада чемпионининг онаси.

У Бразилия мезбонлик қилган Рио-2016 Олимпия ўйинлари ҳақида ҳам эслаб ўтди.

«Ўша вақтда турмуш ўртоғим ҳам вафот этган эди. Баҳодирнинг боксга кириб келишига раҳматли отаси сабабчи бўлган. Отаси ҳам боксни яхши кўрардилар. „Менинг ўғлим чемпион бўлади“, дегандилар. Афсус, буни ўзлари кўра олмадилар. Фарзандим отасига раҳмат олиб келганидан хурсандман», — дейди у.

«Газета.uz» мухбири ундан ўғли самолётдан тушгач унга қандай гап айтишини сўраганида, Сабоҳат Якубова «„Сен билан фахрланаман, ўғлим“, деб айтаман», — дея жавоб берди.

Спортчилар Тошкент аэропортига етиб келишганидан сўнг Баҳодир Жалолов ўзининг финал жанги ҳақида сўзлади.

«Тўғрисини айтсам, 1-раундда жуда ҳам кучли зарба ўтказиб юбордим. У боксчи аввал мен билан жанг қилган эди. Лекин шу зарбани ўтказиб юборганимдан кейин ортимда халқим, президентим борлигини эсладим ва ўзимни қўлга олдим. 2- ва 3-раундда бор кучимни тўпладим ва ғалаба қозондим», — дейди у.

Бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов.

Баҳодир Жалоловнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, келажакда унинг профессионал боксга ўтиш нияти бор.

Оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби, Олимпиада ўйинлари рекордчиси Акбар Жўраев ҳам мусобақадаги иштироки ҳақида айтиб ўтди.

«Албатта, рақибим кучли эди. Охирида ютаман, деб чиққан эдим ва ўз мақсадимга эришдим. Барча қўллаб-қувватлаб, дуо қилиб турганларга раҳмат айтаман. Бу медаль — бутун Ўзбекистоннинг медали», — дейди у.

Оғир атлетика бўйича Олимпиада чемпиони Акбар Жўраев.

«Газета.uz» мухбири ундан келажакдаги режалари ҳақида сўради.

«Бундан буёғига энди Париж олимпиадасига ҳаракатни бошлаймиз. Бу йил энди мусобақаларда қатнашмоқчи эмасман. Оилам билан бўлиб, дам оламан. Кейинги йил Жаҳон ва Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Ўша мусобақаларда иштирок этаман», — дейди у.

Акбар Жўраевнинг онаси Ҳафиза Норметова ўғлининг мусобақадаги иштирокини жонли эфирда ҳаяжон билан кўрганлигини таъкидлади.

«Ўғлим Олимпиадага кетишидан аввал „Акбар, ўзингга ишон. Ўзбекистон сен учун дуо қиляпти“, деганман. Мен Акбарга ишонардим. Чунки у омадли бола. Ҳозир у самолётдан тушганида унга „Акбар раҳмат. Бу медални Ўзбекистонимизнинг 30 йиллигига совға қилдинг. Буни сендан кутгандим“, деб айтдим», — дейди Акбар Жўраевнинг онаси.

Давлат Бобонов Токиодан Тошкентга 9 соат давомида учиб келганлиги, самолётдан тушгач мухлислар, ОАВ ходимлари, шунингдек, бош вазирнинг шахсан ўзи чиққанини кўриб чарчоқлар ҳам чиқиб кетганини айтиб ўтди.

Дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Давлат Бобонов. Фото: МОҚ

«Олимпиада жуда ҳам юқори савияда ўтадиган мусобақа. Ва шундай бўлди ҳам. Энди насиб бўлса ушбу мусобақада қилган хатоларимизни кейинги мусобақаларда тўғрилаймиз ва буларни 2024 йилги Олимпия ўйинларида такрорламасликка ҳаракат қиламиз», — дея қўшимча қилади у.

«Газета.uz» мухбири ўзбекистонлик афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина билан ҳам суҳбатда бўлиб, ундан Олимпия ўйинларидан таассуротлари ҳақида сўради.

«Бу менинг сўнгги Олимпиадам эди. Ижобий ҳам, салбий ҳам эмоциялар бўлди. Мен уйга қайтганимдан хурсандман ва энди бошқа бир йўналишда ҳаракат қиламан», — дейди у.

Жаҳон гимнастикаси афсонаси, 8 марта Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Оксана Чусовитина.

Келажакдаги режалари ҳақида сўралганида Чусовитина мураббий бўлмаслигини айтиб ўтди.

«Мен Ўзбекистонда болалар ва ёшлар спортини ривожлантирмоқчиман, ва шу йўналишда ҳаракат қиламан, айнан соғлом миллатни шакллантириш учун», — дея қўшимча қилади 8 бор Олимпия ўйинларида иштирок этган Оксана Чусовитина.

Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳам Олимпиада таассуротлари билан бўлишди.

«Бу Олимпиада узоқ кутилган Олимпия ўйинлари бўлди. Бутун дунё спортчилари бир хил шароитда 5 йил давомида тайёргарлик кўрди. Шунда ҳам, ўйлайманки, жуда ҳам яхши даражада ташкил этилди. Қолаверса спортчиларнинг иштирок этиши учун барча шароитлар яратилди», — дейди у.

Ойбек Қосимов (ўнгдан иккинчи). Фото: МОҚ

«Газета.uz» мухбири ундан МОҚ Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокидан қанчалик даражада қониққанлиги ҳақида сўради.

«Олимпиададан аввал мақсадлар каттароқ эди. Лекин ҳозирги шароитдан келиб чиқиб бошқа давлатларга ҳам қарасак, ҳамма кутган натижасига эриша олмади. Шундай бўлсада Марказий Осиё мамлакатлари ичида 1-ўринда туриш ёки собиқ СССР давлатлари орасида Россиядан кейин 2-ўринда туриш ҳам яхши ҳолат», — дейди Ойбек Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпия ўйинларида 3 та олтин ва 2 та бронза медалига эга чиқиб, якуний рейтингда 32-ўринни эгаллади.

Аввалроқ, «Газета.uz» Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросимидан фоторепортажни эълон қилган эди.

Оғабек Самисов тайёрлади.