Душанба, 9 август куни Тошкент халқаро аэропортида Токи-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегациясини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирнинг энг асосий воқеалари «Газета.uz» фоторепортажида.

Ўзбекистон делегациясининг ярми белгиланган маросимдан аввалроқ келгани маълум бўлди.


Олимпиадада медаль олган спортчилар ва делегациянинг бошқа аъзолари эса алоҳида самолётда Тошкент аэропортига келиб қўнишди.


Самолёт ўз белгиланган вақтидан бироз кечикди. Ўзбекистон делегацияси аъзоларини кутиб олиш учун қизил йўлак ташкил этилди.



Қизил йўлак атрофида спортчиларни кутиб олиш учун жалб қилинган қизлар эса бироз чарчаб, дам ҳам олишди. Шунингдек делегация вакиллари самолётдан чиқишганида чалинган карнай-сурнай эгалари ҳам бироз дам олиб туришди.


Самолётдан дастлаб бокс бўйича супероғир вазн тоифасида Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган Баҳодир Жалолов Ўзбекистон байроғини қўлида кўтариб чиқиб кетди.



Енгил атлетикачи Сафина Садуллаева.

Спортчиларни аэропортга киришда аввало уларнинг ота-оналари ҳамда Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Сенат раиси Танзила Нарбаева кутиб олди. Шунингдек, ушбу маросимда Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам иштирок этди.

Чапдан ўнгга: Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Нарбаева, президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов. Фото: МОҚ.

Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

Аэропорт ичида эса спортчилар ўз яқинлари билан кўришишди ва оммавий ахборот воситаларига интервьюлар беришди.

Таэквондочи Нигора Турсунқулова, Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби Бекзод Абдураҳмонов ва унинг онаси. Фото: МОҚ.

Оғир атлетика бўйича Олимпиада чемпиони Акбар Жўраев.

Жаҳон гимнастикаси афсонаси, 8 марта Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Оксана Чусовитина.

Бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов.

Қайд этиш жоиз, ЎзЛиДеП раиси Акмал Ҳайитов Олимпия ўйинларида совриндор бўлган спортчиларга ўзбекона зар чопон кийдирди.

ЎзЛиДеП раиси Акмал Ҳайитов ва Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби, дзюдочи Давлат Бобонов.

Тадбирнинг асосий қисми аэропорт ташқарисида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари, ҳукумат вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, ОАВ ходимлари иштирок этди.


Тадбирда Сенат раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, спортчиларни ҳамда бутун Ўзбекистон халқини медаллар билан қутлади.


Бош вазир Абдулла Арипов Токиодаги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик боксчиларга нисбатан адолатсизлик бўлганлигини таъкидлади. «Шу ёшга кириб, ҳеч қачон бунақанги адолатсиз ҳакамликни кўрмаганман… Уларнинг мақсади боксчиларимизнинг иродасини синдириш эди», — деди у.



Тадбирда Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов ҳамда Акбар Жўраевлар сўзга чиқишди. Кейинроқ эса Баҳодир Жалолов ҳамда Улуғбек Рашитовнинг онаси сўзга чиқиб, барчани ушбу ютуқлар билан қутлади.

Таэквондо спорт тури бўйича Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов.

Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг онаси. Фото: МОҚ.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова тадбирда қўшиқ айтиб, спортчиларнинг оналарини табриклади.


Шундан сўнг барча Миллий Олимпия биноси томон махсус автобусларда йўл олди.



Миллий Олимпия биносида совриндор спортчиларга «Президент совғаси» топширилди.


Олимпия ўйинларида олтин медал олган спортчилар — Баҳодир Жалолов (бокс), Улуғбек Рашитов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика)га 4 сотихли 3 хонали коттедж ва Tahoe машинаси топширилди. Шунингдек, президент фармони билан уларнинг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари мукофот пули берилди.


Шунингдек, бронза медали соҳиблари — Давлат Бобонов (дзюдо) ва Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш)га 2 хонали уй ва Trailblazer автомобиллари берилди. Ушбу спортчиларга президент фармони билан 50 минг АҚШ долларидан пул мукофоти топширилди.


Тадбир сўнггида «Президент совғаси» билан мукофотланган спортчилар автомашиналари қатор бўлиб, ўз хонадонлари томон йўлга чиқишди.

Видео