Халқ таълими вазирлиги янги 2021−2022 ўқув йилида мактабларда дарс жараёни гибрид шаклда давом эттирилишига тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, мактабда юзага келадиган вазиятга қараб мактаб Санитария-эпидемиология назорати Марказлари таклифига асосан маҳаллий кенгашлар қарорларига кўра айрим мактаблар карантинга ёпилиб масофавий тизимга ўтказилиши мумкин.

Қўшимча қилинишича, бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимни вақтинча масофавий шаклда уйдан давом эттиради. Ўқувчининг масофадан таълим олишига имконият яратиш мақсадида Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида эфирга узатилаётган дарслар давом эттирилади.

«Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги анъанавий таълимни тўлиқ тикланиши учун барча тизим ходимларини тезроқ вакцина олишларини сўраб қолади. Ҳеч қандай энг замонавий масофавий таълим тизими ҳам бевосита мактабдаги таълим ўрнини боса олмайди», — дейилади хабарда.

Август ойи бошида ўтказилган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталган эди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда. «Вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти — вакцинация», — деди Шавкат Мирзиёев.