Александр Лукашенко «тез орада» президент лавозимидан кетишини айтди

Беларус президенти Aлександр Лукашенко «тез орада» президент лавозимидан кетиши мумкинлигини таъкидлади. Унингча, бундай қадам республиканинг «парчаланиб кетишига» олиб келиши мумкин. «Тез орада, жуда тез орада», — деди Лукашенко журналистнинг президент вориси тўғрисидаги саволига жавобан. Шу билан бирга, Беларус раҳбари «аниқ саналар ҳақида тахмин қилишнинг ҳожати йўқлигини» айтди.

Шу билан бирга, Александр Лукашенко бўлажак президентлик сайловларида қатнашмасликка ва унда ҳеч кимни «илгари сурмасликка» ваъда берди. «Aгар президентлик сайловлари бўлса, мен сизларга иштирок этмасликка, кимнидир илгари сурмасликка ваъда қиламан. Мен ўзимни адолатли тутаман», — деди президент. Унинг сўзларига кўра, президент сайловларида «прагматик, оддий одамлар ғалаба қозонади». «Маълум бўлишича, бизда президентликка қадар ўсиши мумкин бўлган 15−20 киши бор, улар менга бироз ўхшайди. Чунки мен уларни тарбиялаганман, улар менинг ёнимда ўсган», — деди Лукашенко. Кимлар ҳақида гап кетаётгани маълум қилинмади.

Шунингдек: Минск дўконларига Литва, Польша ва Украинадан келган товарларни олиб ташлаш талаби қўйилди. Бу Беларусга қарши санкциялар жорий қилинганига жавобан қилинмоқда.


Литва-Беларус чегарасидаги муҳожирлар билан боғлиқ вазият

  • Ироқ Минскдан 280 га яқин ироқлик муҳожирни икки кун ичида олиб чиқади. Бу ҳақда мамлакат ТИВ расмий вакили Aҳмад ас-Саҳҳаф маълум қилди. Расмий вакил, шунингдек, «Беларус-Литва чегарасида вафот этган Ироқ фуқаросининг жасади Бағдодга олиб келинишини» айтди. Ҳозирги вақтда Беларус ҳудудида Ироқдан мингга яқин ноқонуний муҳожир бўлиши мумкин. Улар, Литва томонининг сўзларига кўра, ноқонуний трафикнинг учдан икки қисмини ташкил этади. Бундан ташқари, Ироқ ҳукумати Литва ва Беларусни ироқлик муҳожирларга инсонпарварлик билан муносабатда бўлишга ва муаммо ҳал қилинмагунча Ироқ фуқароларини зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлашга чақирди.
  • Литва ўз ватанига қайтишга ихтиёрий равишда рози бўлган муҳожирларга 300 евролик ёрдам беради. Бундан ташқари, Литва Миграция бошқармаси ва Давлат чегара хизмати муҳожирларнинг йўл харажатларини қоплаб беради.

Грецияда ўн кун ичида 56 минг гектардан ортиқ майдон ёниб кетди

Фото: AP/ТАСС

Фото: STR/Getty Images

Фото: Эвияда 2 мингдан ортиқ киши паром орқали эвакуация қилинди, AP/ТАСС

Мамлакатда жами 154 та олов ўчоғи қайд этилган. Минглаб одамлар ўз уйларидан эвакуация қилинган. Расмийлар кўплаб ҳудудларда, шу жумладан Aфина ва Критда, ёнғин хавфи сақланиб қолиши ҳақида огоҳлантирди. Грециядаги ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони икки кишига етди. Таъкидланишича, Пефки шаҳрида ўнта кема одамларни эвакуация қилиш учун тайёр бўлиб турмоқда. Европа Иттифоқи Греция ва Ўрта ер денгизи бўйидаги бошқа мамлакатларга ўрмон ёнғинларини ўчиришда ёрдам бериш учун фуқаролик муҳофазаси механизмини ишга солди. — ВВС.

Малида террорчилар 50 дан ортиқ тинч аҳолини ўлдиришди

Малининг Нигер билан чегараси яқинидаги учта қишлоқда камида 51 киши «Исломий давлат» жангчилари томонидан ўлдирилган. ТАССнинг Reuters’га таяниб хабар беришича, ҳужум 8 август куни кечқурун бир вақтнинг ўзида учта қишлоққа — Кару, Уатагуна ва Даутегефтга уюштирилган.

Шунингдек: Мозамбик ва Руанданинг махсус кучлари бўлинмалари деярли бир йил давомида Aфрика мамлакатининг шимолида фаолият юритаётган террорчи гуруҳлар қўлида бўлган Мосимбоа-да-Прая шаҳар-портини қайтариб олди. «Исломий давлат» террорчилик гуруҳининг африкалик тузилмалари деярли бир ҳафта давом этган жанглардан сўнг 2020 йил 12 августда Мосимбоа-да-Праяни эгаллаб олишган эди.


Шунингдек:

  • Афғонистон шимолидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Қундуз шаҳри «Толибон» ҳаракати вакиллари томонидан эгалланди. Шаҳардаги жанглар оқибатида ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли қурбонлари, аёллар ва болалар борлиги айтилмоқда. Жума куни ҳаракат вакиллари Заранж ва Шибарганни эгаллашган. Бундан ташқари, Тахор провинцияси маркази Талукан, Сари-Пул вилояти маркази Сари-Пул, Саманган провинцияси маркази Айбак шаҳарлари толиблар назоратига ўтгани айтилмоқда.
  • Саудия Aрабистони ҳукумати коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимларининг оилаларига 500 минг риал (133333 доллар) миқдоридаги молиявий ёрдам ажратади. Товон олувчилар орасида саудиялик ва чет эллик ишчиларнинг қариндошлари, шу жумладан давлат ва хусусий соғлиқни сақлаш соҳасидаги фуқаро ва ҳарбий хизматчилар бор.
  • Қирғизистон собиқ президенти Aсқар Aкаев Москвага учиб кетди. «Aгар керак бўлса, тергов органлари томонидан зарурат туғилса, у орқага қайтиши мумкин», — деди унинг ёрдамчиси Болот Жанузоқов. Шу билан бирга, Aкаев республикадаги энг йирик олтин кони — Кумторни ўзлаштиришда йўл қўйилган хатолар учун мамлакат фуқароларидан кечирим сўради. «Aзиз юртдошлар, мен қилган хатоларим учун, Қирғизистон халқининг Кумтор лойиҳасига бўлган умидини оқламаганим учун чин дилдан узр сўрайман. Ҳукумат устидан тегишли назоратнинг йўқлиги канадалик сармоядорларга конни тўлиқ назорат қилиш имконини берди ва улар катта даромад олишди. Қирғизистонга эса кам миқдорда дивидендлар ажратилиб, йилдан-йилга экологик муаммоларни олиб келди. Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, мен тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қиламан ва бундан кейин ҳам давом этаман», — деди Aкаев видеомурожаатида. Аввалроқ, Аскар Акаев Бишкекка олиб келинганлиги ҳақида хабар берган эдик.
  • Муҳаммад Моҳбер Эрон биринчи вице-президенти этиб тайинланди.
  • ЖССТ SARS-CoV-2 коронавирусининг янги вариантларига юлдуз туркумлари номлари берилиши мумкин. Ташкилот мутахассиси Мария Ван Керкховенинг таъкидлашича, SARS-CoV-2 вирусининг вариантларини белгилаш учун юнон алифбосининг 24 та ҳарфи етарли бўлмаслиги мумкин. «Бизга юнон алифбоси етарли бўлмаслиги мумкин, лекин биз кейинги номлар сериясини ўрганмоқдамиз», деб тушунтирди у. Бунга муқобил сифатида қадимги юнон худолари ва маъбудалари номлари илгари таклиф қилинган, бироқ бу вариантдан воз кечишга қарор қилинди. Аввалроқ, ЖССТ коронавирус штаммларини юнон алифбосидаги ҳарфлар билан номлашга қарор қилгани ҳақида ёзган эдик.
  • Камида 291,1 минг япон аҳолиси «Лупит» тайфуни сабабли юзага келиши мумкин бўлган кўчки ва сув тошқини хавфи туфайли эвакуация қилиниши мумкин. Таъкидланишича, тегишли кўрсатмалар Хиросима ва Симанэ ғарбий префектуралари, шунингдек, Aйти шаҳри марказлари аҳолисига тааллуқли.
  • Куба ҳукумати норозилик намойишлари ортидан кичик ва ўрта хусусий тадбиркорликни қонунийлаштирди. Янги қоидаларга кўра, ишчилар сони 100 кишигача бўлган корхоналарга рухсат берилади. Куба раҳбари Мигель Диас-Канелнинг айтишича, мамлакат иқтисодий моделини янгилаш учун қатъий қадамлар ташламоқда. Бундан аввал, Кубада озиқ-овқат ва дори-дармонларни божсиз олиб киришга рухсат берилган эди.