Бир неча минг кубаликлар Гаванада ва мамлакат коммунистик ҳукуматининг бошқа шаҳарларида катта норозилик намойишларига чиқишди, дея хабар бермоқда BBC News. Бу қарийб 30 йил ичидаги энг йирик намойиш бўлганлиги қайд этилди.

Намойишчилар коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун эркинлик, демократия ва аҳолини вакциналар билан таъминлашни талаб қилишган. El Mundo хабарига кўра, намойишчилар «Озодлик», «Йўқолсин коммунизм» ва «Биз қўрқмаймиз» шиорларини айтишган.

Гаванада қуролли хавфсизлик кучлари жойлаштирилган, муштлашувлар ва ҳибслар ҳақида хабарлар келиб тушган.

Гаванадан 30 километр жанубда жойлашган Сан-Антонио-де-лос-Баньосда намойиш иштирокчиларидан бири одамлар «электр ва озиқ-овқат билан боғлиқ вазият» дан ғазабланишганини маълум қилган. «Энергетика билан боғлиқ вазият бу ерда қандайдир реакцияга сабаб бўлганга ўхшайди», — дея тан олди Куба президенти Мигель Диас-Канель ва «Куба-Америка мафияси» ни норозиликни қўзғатишда айблади, деб ёзмоқда BBC.

Куба раҳбари, шунингдек, ҳукумат тарафдорларини кўчаларга чиқишга ва «провокацияларга қарши туришга» чақирди. «Биз Америка империясига сотилган аксилинқилобий ёлланма аскарларнинг беқарорликни келтириб чиқаришига йўл қўймаймиз. Инқилобий жавоб бўлади. Шунинг учун биз барча коммунистларни ушбу провокациялар содир бўладиган кўчаларга чиқишга ва уларга қарши қатъий қаршилик кўрсатишга чақирамиз», — деди у давлат телевидениесида.

Сўнгги марта кубаликлар 1994 йилда Фидел Кастронинг сиёсатига қарши норозилик билдириш билан кўчага чиқишган.