Қидирувда бўлган Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев Бишкекка етказилди, дея хабар қилди Kaktus Media нашри Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига таяниб.

Аскар Акаев «Кумтор» олтин конини ишга тушириш лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция омиллари бўйича жиноят ишини тергов қилиш доирасида қидирувга берилган эди.

Бошқа юқори даражали амалдорлар билан бир қаторда Қирғизистоннинг биринчи президенти 1992 йилда «Кумтор» лойиҳаси бўйича бош битимни имзолаш, 1994 йилда унга ўзгартиш киритиш ҳамда 2003 йилда «Камеко» компанияси билан бош келишувни реструктуризация қилишдаги коррупция факти бўйича жиноий жавобгарликка тортилган эди. Шундай қилиб, тергов Аскар Акаев президентлиги даврида «Кумтор» лойиҳасини амалга оширишдаги коррупцияга алоқадор бўлган барча айбдор шахсларга нисбатан юридик баҳо берган.

«Шу билан бир вақтда ДМХҚ тергов жараёнида Аскар Акаевни республика ҳудудига етказиб келиш йўли билан уни жиноий жавобгарликка тортиш қисмида тарихий адолатни тиклашга қаратилган фаол ишларни олиб борди», — дейилади хабарда.

Шундай қилиб, «ДМХҚ амалга оширган чоралар натижасида» 2 август куни Аскар Акаев Бишкекка етказилган ҳамда зудлик билан идоралараро тергов гуруҳига топширилган.

Айни вақтда Аскар Акаев ДМХҚ биносида сақланмоқда, унинг иштирокида Кумтор кони бўйича жиноий иш доирасида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади МХДҚ хабарида.

Нашрнинг қайд этишича, Аскар Акаев 2005 йилда мамлакатдан қочиб кетганидан буён Қирғизистонда бўлмаган эди. 2021 йил июлида ДМХҚ раиси Камчибек Ташиев Аскар Акаевга нисбатан «Кумтор» иши бўйича қидирув эълон қилган эди.

Собиқ сиёсатчи Россияда эмиграцияда яшади ва илмий фаолият билан шуғулланди, 2006 йилдан буён Россия Фанлар Академиясининг чет эллик аъзоси ҳисобланади.