Европадаги тошқинларда 48 га яқин киши ҳалок бўлди

  • Германия. Кучли ва давом этаётган ёмғирлар натижасида содир бўлган тошқинлар Германиянинг ғарбий қисмини қамраб олди. Рейнланд-Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатлари энг кўп зарар кўрди. Маҳаллий ҳокимият фавқулодда ҳолат эълон қилди. Хусусан, Германияда тошқинлар оқибатида 42 киши ҳалок бўлди, 70 га яқин киши бедарак йўқолган. Таъкидланишича, Германиянинг ғарбий қисмидаги кўплаб шаҳарларда таҳминан 200 минг киши электр таъминотисиз қолган. Мамлакат ҳукумати Штайнбахтальсперре тўғонининг ўпирилиши мумкинлиги сабабли Шимолий Рейн-Вестфалиясининг икки тумани аҳолисини эвакуация қилишни бошлади.

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: Harald Tittel/Getty Images

Фото: Thomas Frey/Getty Images

  • Бельгия. Табиий офатдан Бельгиянинг Льеж ва Намюр провинциялари энг кўп зарар кўрди: йўллар ва биноларнинг пастки қаватларини сув босди, машиналарни сув оқимлари олиб кетмоқда. Сув сатҳининг кўтарилиши натижасида Весдр дарёси қирғоғидан тошиб, Льеждаги Пепинстер шаҳрини сув босди. Тошқинлар мамлакат пойтахтида ҳам содир бўлди, бир нечта автомобиль туннеллари ёпилди. Хабар қилинишича, олти киши ҳалок бўлди.
  • Бундай фожиа Голландия ва Францияда ҳам кузатилмоқда. Ушбу мамлакатлардан қурбонлар ҳақидаги маълумот ҳали хабар қилинмаган.

Кубада озиқ-овқат ва дори-дармонларни божсиз олиб киришга рухсат берилди

Мамлакатдаги тартибсизликлардан сўнг, Куба ҳукумати саёҳатчиларга озиқ-овқат ва дори-дармонларни божсиз олиб киришга вақтинча рухсат берди, янги тартиб 19 июлдан кучга киради ва йил охиригача давом этади. — BBC News.

11 июль куни Кубада озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги, нархларнинг ошиши ва коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳукуматнинг чоралари юзасидан минглаб намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар Кубага ташриф буюрувчиларга озиқ-овқат ва дори-дармонларни божхона тўловларини тўламасдан олиб киришга рухсат берилишини талаб қилишди.


Пандемия сабабли болалар ўртасида мунтазам эмлашлар сони камайди — ЖССТ ва ЮНИСЕФ

Коронавирус пандемияси туфайли ўтган йили дунё бўйлаб қарийб 23 млн нафар бола мунтазам эмлашни ўтказиб юборди, бу эса қизамиқ, полиомиелит ва бошқа олдини олиш мумкин бўлган касалликлар тарқалишига олиб келди. Бу ҳақда ЖССТ ва ЮНИCЕФ ташкилотлари маълумот берди. «COVID-19 пандемияси болалар ўртасида вакцинация даражасининг жиддий пасайишига олиб келди, бу бизни ўн йилдан кўпроқ вақт орқага қайтарди», деди ЖССТ иммунизация бўлими бошлиғи Кейт О’Брайен. ЮНИCЕФнинг эмлаш бўлими бошлиғи Ефрем Лемангонинг айтишича, «ноль дозада» бўлган (битта ҳам эмлашни олмаган) болалар сонининг «хавотирли ўсиши» кузатилмоқда. Ўтган йили уларнинг сони 2019 йилдаги 13,6 млндан 17,1 млнга кўпайган.

ЖССТ маълумотларига кўра, қизамиқ беш ёшгача бўлган болаларда ўлимга олиб келиши, полиомиелит эса болаларни бутун умр ногирон қилиши мумкин. Бу, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимлари заиф бўлган Aфрика ва Осиё мамлакатларига тааллуқли. Ҳиндистон, Нигерия ва дунёнинг бошқа саккизта мамлакатида ўтган йили 22,7 млн бола эмланмаган ёки дифтерия, қоқшол ва кўкйўтал каби касалликларга қарши тўлиқ эмланмай қолган. ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, қизғин касаллик авж олган жойлар Aфғонистон, Мали, Сомали ва Яманда қайд этилган. — ЮНИСЕФ.


Сўнгги икки кун ичида 340 дан ортиқ этник қирғизлар Aфғонистондан Тожикистонга қочиб келишди

Қочқинларнинг барчаси Aфғонистоннинг Бадахшон вилояти, Вахон туманидаги Aндемин қишлоғининг аҳолиси. Улар Тожикистон ҳудудининг Тоғли Бадахшон автоном вилоятига келдилар. «Давлат чегарасини кесиб ўтаётганда икки гўдак вафот этди. Тожикистон чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилига амал қилган ҳолда афғон қочқинларига Тожикистон Республикаси ҳудудига киришга рухсат беришди», дейилади хабарда. Шунингдек, Aфғонистон фуқароларидан 3,5 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар топилгани ва мусодара қилингани айтилмоқда. — Интерфакс (Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизмати).


МДҲда COVID-сертификатларининг ўзаро тан олиниши муҳокама қилинди

МДҲ мамлакатларида COVID-19'га қарши эмлаш тўғрисидаги сертификатларини ўзаро тан олиш масаласи 15 июль куни бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчиларининг фикрига кўра, «эмлаш сертификатларининг ўзаро тан олиниши COVID-19'га қарши эмланган фуқароларнинг трансчегаравий ҳаракатланишини осонлаштиради, сайёҳлик оқимларини тиклайди ва оилавий ва хизмат сафарларини давом эттиради». Томонлар ушбу масалани батафсил ўрганишни давом эттиришга қарор қилишган.

Беларус Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган йиғилишда Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг манфаатдор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этишди. — МДҲ матбуот хизмати.


Шунингдек:

  • «Толибон» ҳаракати вакиллари Кобулда бўлиб ўтган конференцияда Афғонистон ҳукуматига уч ойлик муддатга ўт очишни тўхтатиш таклифи билан мурожаат қилди. Бунинг эвазига улар илгари қўлга олинган ҳаракатнинг 7000 жангариларини озод этишни талаб қилишган. Кейинроқ, «Толибон» ушбу баёнотни рад этди. «Бу баёнот ҳақиқатга тўғри келмайди», дея ТАСС Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг сўзларини келтиради.
  • Гаити президентига суиқасдда гумон қилиниб ҳибсга олинганларнинг сони 23 кишига етди.