«Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистон шимолидаги маъмурий маркази, стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар Қундузни эгаллади. Маҳаллий ҳукумат вакилининг BBCга маълум қилишича, аэропортдан ташқари шаҳарнинг барча ҳудудлари «Толибон» назорати остида.

Хабарларга кўра, шаҳарда ёнғинлар бошланган, Қундуз марказида «Толибон» байроғи кўтарилган. Reuters ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли қурбонлари, аёллар ва болалар борлиги ҳақида хабар бермоқда.

Афғонистоннинг шимолий провинциялари ва Марказий Осиёнинг дарвозаси бўлган ҳамда 270 минг аҳолига эга бу шаҳарда оғир жанглар олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Қундуз сўнгги кунларда толибларга таслим бўлган Афғонистоннинг учинчи провинция пойтахти ва уларнинг ҳозиргача эришган энг йирик ғалабаси бўлди.

Қуйидаги Афғонистон харитаси 6 август ҳолатини акс эттиради, лекин мамлакатдаги вазият тез ўзгариб бормоқда, дея қайд этди BBC.

Фото: BBC

Сўнгги ҳафталарда «Толибон» Афғонистоннинг кўп туманларини ўз назоратига олди ва эндиликда йирик шаҳарлар ҳамда провинция маъмурий марказларини эгаллаб олишга уринмоқда.

Жума куни толиблар Афғонистоннинг жануби-ғарбидаги Нимроз провинцяисининг пойтахти Заранжни эгаллашган. Бироздан сўнг эса Джаузжан провинцияснининг шимолий шаҳри бўлган Шибарганни эгаллашгани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни АҚШ Афғонистондан қўшинларни чиқаришни бошлади, июнь ойи бошида мамлакатдан ғарб ҳарбий контингентининг учдан бир қисми чиқиб кетди. РИА Новостининг ёзишича, шундан сўнг «Толибон» Афғонистон ҳукумати позицияларига ҳужум қилишни бошлади.

8 июль куни Москвада Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва «Толибон» ҳаракати делегацияси билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Унда «Толибон» Марказий Осиё давлатлари чегараси бузилмаслигига, Афғонистон ҳудудида хориж давлатларининг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги бўйича кафолат берган.

Бундан ташқари, ҳаракат вакиллари мамлакатдаги барча этник гуруҳларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, музокаралар орқали мамлакатда барқарор тинчликка эришишдан, шунингдек, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан аёлларни Ислом меъёрлари ва афғон урф-одатлари доирасида ҳурмат қилишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Америка президенти Жо Байден АҚШ «Ал-Қоида» раҳбарини йўқотиб, мамлакатдаги ўз мақсадларига эришганлигини таъкидлаганди. «Афғонистоннинг кейинги тақдирини ҳал қилиш — фақат афғон халқининг ҳуқуқи ва масъулияти», — деган эди у.