Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 2021 йилги президентлик сайловларига кимнинг номзодини илгари суришини эълон қилди. Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Хабарга кўра, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда «ЎзЛиДеП» партиясининг номзоди сифатида кўрсатилади.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон президенти этиб сайланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов, «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, «Миллий тикланиш» партиясидан Алишер Қодиров, «Халқ» демократик партиясидан Мақсуда Варисова номзодлари эълон қилинган эди.