«Адолат» СДП 2021 йилги президентлик сайловларига партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовни номзод сифатида кўрсатмоқчи эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Баҳром Абдухалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. ФА Шарқшунослик институтида кичик, ўрта, катта илмий ходими, бўлим мудири, олим котиб, фан бўйича директор ўринбосари ва директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган. 60 дан зиёд илмий асарлар, шу жумладан, 2 та монография муаллифи. Битта докторлик, учта фан номзодларини тайёрлаган.

2020 йилга қадар Фанлар академияси вице-президенти бўлган.

Эндиликда унинг номзоди партия қурултойида тасдиқланиши керак.

Маълумот учун, Сайлов кодексининг 64-моддасига кўра, сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодни рўйхатга олиш учун Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши керак.

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.