Туркистон шаҳрига кираверишда Ўзбекистон томонидан масжид қурилмоқда, дея хабар берди Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Бундай диққатга сазовор жойнинг қурилиши қўшни Ўзбекистоннинг Туркистонга совғаси бўлиб, уни келаси йили якунлаш режалаштирилган. Архитектураси ўзига хос бўлган Ислом марказининг ички ва ташқи безаклари шарқона услубда амалга оширилган», — дейилади хабарда.

Янги масжид 5 минг кишига мўлжалланган бўлиб, умумий майдони 20000 квадрат метрни ташкил қилади.

Қайд этилишича, масжид пойдеворини мустаҳкамлаш учун унинг ўзига хос технологияси ишлаб чиқилган.

Апрель ойида Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳудуддаги тикланиши лозим бўлган объектлар рўйхати белгиланиб, уларни реконструкция қилишга ўзбекистонлик қурувчилар жалб қилиниши айтилган эди.

Шунингдек, июнь ойида Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистоннинг Боткен ва Лэйлек туманларида 400 ва 300 ўринли мактаблар қурилиши ҳақида маълум қилинган эди. Улар 2021 йилда — янги ўқув йилига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.