Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Самарқандек ва Лейкек туманидаги Марғун қишлоқларида мактаблар қуради. Бу ҳақда Kloop`га Боткен вилояти Вазирлар Маҳкамаси ваколатхонаси матбуот котиби Азатбек Қурбонбеков маълум қилди.

Қурбонбековнинг сўзларига кўра, 7 июнь куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иш сафари давомида Боткен вилоятининг Қадамжой шаҳрига ташриф буюрган.

Қўшни мамлакатдан келган меҳмонларни Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбоев кутиб олди ва томонлар ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олдилар.

Қурбонбеков таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияси Самарқандек ва Марғун қишлоқлари аҳолиси ва мактаб ўқитувчилари билан учрашди. Шунингдек, улар келажакдаги янги мактаблар қуриладиган жойлар билан танишдилар.

«Самарқандек шаҳридаги Сагин Кожобаев номидаги мактаб-интернат ёнида 400 ўринли янги мактаб қурилади. Чунки ушбу муассаса 1951 йилда қурилган ва ҳозирда эскирган. Марғун қишлоғидаги М.Баэтов номидаги ўрта мактаб ҳам таъмирга муҳтож, бино анча эски. У ерда 300 ўринли янги мактаб қурилади», — деди Қурбонбеков.

Вилоят маъмурияти мактаблар 2021 йилда — янги ўқув йилига қадар фойдаланишга топширилишини ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон кўмаги билан Қадамжой туманида 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қурилган эди.