23 июль куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.

«Ҳар бир ҳокимнинг кабинети „халқ қабулхонаси“ бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак», — деган эди президент.

Президент Халқ қабулхонасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, республиканинг барча ҳудудларида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг тегишли ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, секторлар раҳбарлари ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул ходимлар учун махсус ўқув семинарлар ташкил этилмоқда.

Ташкил этилган мазкур семинарда аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича амалий кўмак ва кўрсатмалар ҳам бериляпти.

Жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил этиш бўйича ҳокимликлар қошида «Тезкор штаб«лар тузиляпти. Вилоят ҳокими «Тезкор штаб» фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, белгиланган вазифалар ҳамда топшириқ ва тавсиялар ижросини таъминлайди, сайёр ва шахсий қабуллар ўтказади.

Шунингдек, штаблар таркибига мутасадди ташкилотлардан буйруқ асосида ижрочи ходим ажратилади. Штабнинг ижро ҳужжатларини электрон базага киритиш учун 4 та компьютер ва 4 та принтер ҳамда 4 та ходима ажратилди. Тузилган далолатномалар бўйича маълумотлар Халқ қабулхонасига ва вилоят штабига ўз вақтида тақдим этилиши керак.

«Тезкор штаб» гуруҳи мурожаатларни электрон базасига киритади, корхоналар томонидан қайта ўрганилган мурожаатлар тўғрисидаги далолатномалар ва фуқароларнинг тушунтириш ҳамда миннатдорчилик хатлари бўйича кунлик маълумотларни йиғади. Натижада ушбу кўрсаткичлар ҳаққонийлигини Халқ қабулхоналари мудир ва мутахассислари ўрганган ҳолда ҳужжатлар йиғиб борилади.

Бугунги кунга қадар ўқув семинарлар Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида бўлиб ўтди.