Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев 2016 йили президент лавозимига киришгандаёқ бир фикрни таъкидлаганди: «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак».

Натижада президентнинг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналари ташкил этилди (виртуал қабулхонанинг веб-сайтида у орқали тахминан 5,5 млн сўров келиб тушгани кўрсатилган). Жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш тизими яхшиланди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев «одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклигини» таъкидлади.

Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.

«Ҳар бир ҳокимнинг кабинети „халқ қабулхонаси“ бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак», — деди президент.

Аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.


Президент 6 ойда Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган 100 мингта мурожаатни тўлиқ ҳокимлик кучи билан ҳал қилиш мумкинлигини мисол қилиб келтирди.

Йиғилишда энг кўп мурожаатлар электр энергияси ва газ таъминоти, бандлик, уй-жой, ер, тиббий хизмат ва халқ таълими масалалари бўйича бўлаётгани таъкидланди.

Давлат раҳбари тиббиёт соҳасидаги мурожаатларнинг қарийб ярмини ташкил этаётган ордер тартиби ўрнига очиқ ва шаффоф тизим йўлга қўйилса, камида 10 мингта шикоят камайишини қайд этди.

Мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантириши белгиланди.

Бундан ташқари, барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилиши қайд этилди. У орқали мониторинг юритилиб, ҳар ойда Сенатга ва Ҳукуматга таҳлилий маълумот киритилади ҳамда танқидий муҳокама қилиб борилади.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини Сенатда ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.