Токиодаги Олимпия ўйинларининг ўн биринчи кунида 6 нафар спортчи Олимпиада беллашувларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.

Енгил атлетика. Руслан Курбанов енгил атлетиканинг уч ҳатлаб сакраш йўналиши бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Аммо Курбанов берилган имкониятлардан унумли фойдалана олмади ва мусобақани натижасиз якунлади.

Бокс. Бокс бўйича Рио-2016 чемпиони, ўзбекистонлик Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпиадасидаги юришини чорак финалда тўхтатди. У ярим финал остонасида филиппинлик Карло Паламга қарши рингга кўтарилди. Иккинчи раунд ўтиб бораётган бир вақтда шифокорлар Зоировнинг жароҳати сабаб беллашувни давом эттиришга рухсат беришмади.

Шаҳобиддин Зоиров (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

Бу вазиятда қоидага кўра ўша пайтгача олинган очколар ҳисоб-китоб қилинади. Аммо бу борада устунлик филиппинлик боксчи томонида бўлди.

Яна бир ўзбекистонлик боксчи Токио-2020 Олимпия ўйинларини тарк этди. Элнур Абдураимов ярим финал учун кечган беллашувда арманистонлик боксчига қарши рингга кўтарилди.

Элнур Абдураимов (кўк кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

-63 кг вазн тоифасидаги Абдураимовнинг чорак финалдаги рақиби Ховханнес Бачков бўлди. Аммо Абдураимов мазкур баҳсда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва шу нуқтада Олимпиада билан хайрлашди.

Яна бир ўзбекистонлик боксчи Райҳона Қодирова чорак финал босқичида амалдаги жаҳон чемпионига имкониятни бой бериб қўйди.

Райҳона Қодирова (кўк кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

-60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Қодирова бразилиялик Беатриз Феррейрага қарши рингга кўтарилди. Феррейра якунда ўз ғалабасини тантана қилиб, ярим финалга йўл олди.

Юнон-рум кураши. Рустам Ассакалов Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини ғалаба билан бошлади. -87 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Ассакаловга грузиялик курашчи рақиблик қилди.

Рустам Ассакалов (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

2019 йил -82 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Лаша Гобадзега қарши кечган беллашувда Ассакалов ҳисобда орқада қолаётганига қарамай, ўзида ирода намойиш эта олди ва якунда ғалабани илиб кетди.

Рустам Ассакалов чорак финал баҳсида хорватиялик Иван Хуклекка қарши баҳс олиб борди.

Муросасиз кечган курашда хорватиялик курашчи 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Энди Хуклек финалга етиб борган тақдирда, Ассакалов бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолади.

Оғир атлетика. Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев 109 кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, олтин медали соҳиби бўлди.

Акбар Жўраев. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Даст кўтариш машқида 193 кг кўтарган Жўраев, силтаб кўтариш дастурида 237 кг кўтарди. Иккала машқ натижасида унинг кўрсаткичи 430 кг бўлди. У силтаб кўтариш ва умумий кўрсаткич бўйича Олимпиада рекордини ўрнатди.

Бу Ўзбекистон спорт делегацияси учун Токиодаги Олимпия ўйинларининг учинчи медали бўлди.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон иккита олтин ва битта бронза медали билан турнир жадвалининг 28-поғонасини эгаллаб турибди.