30 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Тайлоқ тумани марказида тезкор тадбир ўтказилди.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, тадбир давомида Самарқанд шаҳар «Имом Восе» маҳалласида яшовчи Х. Д. (1990 й.т.) чет давлатга кетиши ва авиачипта олиши учун керак бўладиган «COVID-19» вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тест таҳлилини сохталаштиргани ва 180 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида фуқаро Х. Д. нинг укаси ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига тезкор ходимга 5 минг АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилган.

Ходим ИИО ходимига пул таклиф қилиш, Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирган. Шунга қарамай, фуқаро кейин келиб учрашишини айтиб чиқиб кетган. Ходим ҳолат юзасидан бошқарма бошлиғига билдирги билан мурожаат қилган.

«Билдиргига асосан, 31 июль куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро И. Х. тезкор ходимга 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган» дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси хавф солмоқда.