Аввалроқ, Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтиши ва шу сабаб таклифлар 31 июлгача қабул қилиниши хабар қилинган эди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни ўтказилган брифингда Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти нима сабабдан кейинроққа қолдирилганига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, учрашувни ташкил этиш доирасида тузилган Тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича штабга 10 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган.

«Уларнинг 85−86 фоизи индивидуал, яъни шахсий мурожаатлардан иборат. Кўпроқ кредит бериш, лойиҳаларни молиялаштириш ёки субсидиялар олиш, бир қисми ер ажратиш билан боғлиқ. 10 минга яқин мурожаатларнинг 14−15 фоизи янги ғоялар, янги ташаббуслар ва тадбиркорларимиз томонидан муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги таклифлар», — деди Асадов.

Шерзод Асадов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Таъкидланишича, штаб фаолияти йўлга қўйилгач мурожаатлар категорияларга бўлиниб, чуқур ўрганилмоқда.

«Агар тадбиркордан келиб тушган мурожаатни, дейлик, вилоят, шаҳар, туман даражасида ҳал қилиб бўлса, штаб томонидан бу мурожаат тегишли ҳудудга жўнатиляпти. Охирги бир ҳафта ичида шахсий мурожаатлардан 40 фоизи жойларда ҳал қилинди. Қолгани тадбир кунигача ҳал қилинади ёки тадбир ўтиб бўлганидан кейин», — деди президент матбуот котиби.

У, шунингдек, тадбир куни мурожаатлар динамикаси сабаб қолдирилганига урғу берди.

«Мурожаатларнинг динамикасидан келиб чиққан ҳолда штаб мурожаатларни қабул қилиш муддатини яна бир неча кунга узайтирмоқда. Кеча олган маълумотларимизга кўра, бу муддат 5 августгача чўзилаяпти. Демак, ишбилармонларимизда ўзларининг яхши таклифларини жўнатишга яна 3−4 кун вақт бор», — деди Асадов.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, 1 август ҳолатига штабга 9 651 та таклиф келиб тушган. Шундан 3 477 таси (42,1%) ҳал этилган.

Энг кўп таклиф Тошкент шаҳри (993 та) ҳамда Тошкент (886 та), Қашқадарё (847 та), Сурхондарё (860 та), Самарқанд (832 та), Андижон (824 та) вилоятларидан жўнатилган. Энг кам таклиф эса Қорақалпоғистон Республикаси (370) ва Навоий вилоятига (321 та) тўғри келмоқда.

Daryo`нинг ёзишича, 30 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов давлат раҳбари билан бўлажак учрашувда тадбиркорларнинг қайси қатлами иштирок этиши ҳамда улар рўйхатини тузишда ҳокимлар иштироки масаласига ҳам тўхталиб ўтган.


«Бу борада ҳокимларнинг ҳеч қандай роли бўлмайди. Биз ҳозир мурожаатларни йиғяпмиз ва параллел равишда мурожаат қилган тадбиркорларга алоқага чиқяпмиз. Штаб нима учун керак? Бу фильтр эмас, фақат чиройли гапларни айтадиган. Бу таҳлилий бир механизм, бу бизга социологияни ҳам кўрсатиб беради: тадбиркорларни нима ташвишга соляпти, қандай масалани ечишимиз керак, статистика нуқтаи назаридан мурожаатларнинг кўпроғи нима масалада ва ҳоказо. Биз бутун вазиятни ўрганиб олиш имкониятига эга бўламиз ва ҳозир бу бўйича ишлаяпмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари энг оғир тўсиқларга дуч келган тадбиркорлар билан учрашув ўтказиш вазифасини қўйган.

«Биринчи навбатда энг оғир масала ва муаммолар, қийин тўсиқларга дуч келган тадбиркорларни жалб қилмоқчимиз. Давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган вазифалари ҳам мана шу. Бундан ташқари, иқтисодиётга кўпроқ ўз салмоғини қўшадиган ҳудудлар ва тармоқлардаги тадбиркорларимизни ҳам қўшамиз. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ҳар хил қатламидан ҳам, албатта, вакиллар бўлиши керак. Йирик, ўрта, кичик, оилавий тадбиркорлар, ишбилармон аёллар, ёшлар ва бошқалар. Мана шу мезон бўйича штаб тўлақонли ишлаяпти», — деди вазир.

Сардор Умурзоқовнинг қўшимча қилишича, штаб фаолиятини шаффоф қилиш учун у ернинг ўзида ҳам матбуот билан доимий мулоқот қиладиган, 24 соатлик очиқ майдон ташкил этилади. «Журналистлар хоҳлаган пайтида кириб, штабда қандай иш кетаётганини кўриши ва ўзини қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин», — деган у.