Душанба кунги брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари тадбиркорлар билан қачон учрашишига аниқлик киритди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Кўраётган бўлсангиз, Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши ҳақида эълон бериб бораяпмиз. Ушбу учрашув август ойининг бошига мўлжалланган ва таклифлар 31 июлгача қабул қилинади», — деди у.

Шунингдек, давлат раҳбарининг ҳафталик иш режасидан ўрин олган тадбирлар ҳам очиқланди.

«Бугун Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Эртага давлатимиз раҳбари кон-металлургия саноати ривожи билан танишадилар», — деди Асадов.

Бундан ташқари, ҳафта мобайнида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан йиғилиш, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши ва шу муносабат билан унга саволлар, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича ғоя ва таклифларни 31 июлга қадар юбориш мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.