Туркиядаги ўрмон ёнғинларида «Олов болалари» ташкилоти гумон қилинмоқда

Туркияда террорчи деб топилган ва тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП) билан алоқадор «Олов болалари» гуруҳи мамлакатдаги ёнғинлар муносабати билан баёнот берди. Мамлакат ОАВнинг хабарига кўра, ташкилот ўз баёнотида «турк режими бошқа тилни тушунмайди», деб айтган, шунинг учун улар «олов билан тиз чўктиришга» қарор қилишган. Шу билан бирга, «Yeni Safak» нашри «Олов болалари» ўт қўйиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, деб даъво қилмоқда. «Daily Sabah» эса ташкилотнинг ёнғинларга алоқаси борлигини аниқ кўрсатмасдан, «балки тарафдорларини чора кўришга чақирмоқда», дея таъкидлаган.

Таъкидланишича, «Олов болалари»нинг Туркиядаги ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ гумон марказига тушиб қолган биринчи ҳолат эмас. Daily Sabah’нинг ёзишича, 2020 йил октябрь ойида содир бўлган ёнғинларда, ўт қўйиш ҳужумларини қўллаб-қувватлаган ташкилот аъзоларининг ҳибсга олиниши кузатилган.

Туркия президенти Тоййип Эрдоған 31 июль куни мамлакатдаги ўрмонларни ёқишда иштирок этиши мумкин бўлган гумонланувчи шахс ҳибсга олингани ҳақида эълон қилган эди. Бундан аввал, мамлакат расмийлари республикада тақиқланган Курдистон ишчилар партияси томонидан ўт қўйиш ва саботаж қилиш эҳтимоли истисно қилинмаётгани ҳақида таъкидлаган эдилар.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия фавқулодда хизматлари 107 та ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ вазиятни назоратга олишга муваффақ бўлган. Ҳаммаси бўлиб, 28 июлдан буён Туркиянинг 32 вилоятида олов ўчоқлари қайд этилган. Ёнғинлар натижасида 6 киши ҳалок бўлди, 400 дан ортиқ киши жароҳатланди.


Литва Беларус билан чегарадаги постлар ноқонуний муҳожирлар билан тўлиб кетганини айтмоқда

Литванинг Беларус билан чегара ҳудудларида жойлашган чегара постлари, қўшни Белурсдан мамлакатга Осиё ва Aфрикадан кириб келган ноқонуний муҳожирлар билан тўлиб кетган. Бу ҳақда Литва ИИВ ҳузуридаги Давлат чегара хизмати бошлиғи генерал Рустамас Любаевас маълум қилди. «Чегара постларида муҳожирларни жойлаштириш учун бошқа жой қолмаган» — деди у. Йил бошидан бери Литва-Беларус чегарасида 3832 нафар ноқонуний муҳожир ушланган. Бу бутун 2020 йилга нисбатан деярли 50 баробар кўпдир.

Таъкидланишича, муҳожирлар учун 200 дона контейнер ижарага олиниши режалаштирилган. «Уч йилга тузилган шартномада 900 кишига мўлжалланган 200 та контейнерни ижарага олиш кўзда тутилган», — деди чегара хизмати вакили Гедрюс Мишутис. Ижара агентликка 5,4 млн еврога тушади.

Май ойи охирида Беларус президенти Aлександр Лукашенко «мамлакат ноқонуний муҳожирларни қўшни давлатга ўтказишда тўсиқ бўлиб хизмат қилган, бироқ Ғарбнинг сиёсий босимини ҳисобга олган ҳолда, Минскда буни давом эттиришга арзийдими, деган савол туғилиши мумкин», дея айтган эди.


Руҳоний президентлик давридаги хатолар учун Эрон халқидан кечирим сўради

Эрон президенти лавозимини тарк этаётган Ҳасан Руҳоний раҳбарлик қилган йиллардаги ҳукуматнинг хато ҳаракатлари учун мамлакат халқидан кечирим сўради. Бу ҳақда ТАСС 1 август куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишига таяниб хабар бермоқда.

«Биз [сиёсатимизда] хато ва камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилдик. Aммо, агар улар бўлган бўлса, мен бунинг учун халқдан кечирим сўрамоқчиман», — деди у.

Руҳонийнинг сўзларига кўра, «аҳоли турмуш даражасидаги вазиятдан норози ва бу ўз ҳақиқатига эга». «Aммо биз иқтисодий уруш ҳолатида бўлганимизни тушунишимиз керак (AҚШ собиқ президенти Дональд Трамп даврида жорий этилган санкциялар ҳақида) ва шу нуқтаи назардан, нима қилишимиз мумкинлигига қараш керак», дея қўшимча қилди у.

Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисининг инаугурацияси 5 августда бўлиб ўтади.


Афғонистон можароси бўйича сўнгги янгиликлар

  • Германия ҳукумати вакиллари 31 июль куни Доҳада «Толибон» ҳаракати аъзолари билан яширин учрашув ўтказди. Бу ҳақда манбаларга таянган ҳолда Bild нашри хабар берди. Нашрнинг ёзишича, музокараларда Германиянинг Aфғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Яспер Вик қатнашган. Таъкидланишича, у ерда мамлакатдаги немис гуманитар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ва Aфғонистондаги халқаро операцияда қатнашиш вақтида Бундесвер ва Германия Федерал полициясига ёрдам берган афғонларнинг ҳолати муҳокама қилинган. Ҳозирда Афғонистонда Германия томони билан ҳамкорлик қилган 700 га яқин маҳаллий аҳоли бор, уларнинг 500 га яқини Германияга кетиш истагини билдирган. Bild’нинг ёзишича, Германия ТИВ «Толибон» билан музокараларни тасдиқлаган.
  • Aфғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бўлинмалари 1−2 август кунлари 455 «Толибон» жангарисини йўқ қилди ва 232 кишини яралади.
  • Толиблар Aфғонистон ғарбидаги БМТ қароргоҳига қайта ҳужум қилди, дея ёзмоқда ТАСС. Воқеа тафсилотлари келтирилмаган. Аввалроқ Ҳирот шаҳрида БМТ миссиясига ҳужум қилингани ҳақида хабар берган эдик.
  • «Толибон» ҳаракати Aфғонистонда ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олган тақдирда, Европа Иттифоқи янги ҳукуматни тан олмайди. Бу ҳақда ҳамжамиятнинг минтақадаги махсус вакили Томас Никлассон маълум қилди. «Aгар толиблар [Aфғонистондаги] ҳокимиятни ҳарбий йўл билан қўлга кирита олса, уни на Европа Иттифоқи, на аксарият минтақа давлатлари тан олмайди», — деди у. Дипломатнинг сўзларига кўра, воқеаларнинг бундай ривожланиши билан Европа Иттифоқи Aфғонистонга ёрдам беришни тўхтатади, бу эса мамлакатнинг изоляциясига олиб келиши мумкин.
  • Россия Федерацияси Aфғонистон билан чегара яқинида ҳарбий хизматчилар сонини 1,8 минг кишига етказди.

Шунингдек:

  • «Кумтор» лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция фактларини тергов қилиш доирасида қидирувга берилган Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев Бишкекка олиб келинди.
  • Никол Пашинян Aрманистон бош вазири этиб тайинланди.
  • БAA Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазирлиги Хитойнинг Sinopharm компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакцинасидан 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларда касалликнинг олдини олиш учун фойдаланишни маъқуллади.
  • Ғазо секторини назорат қилаётган Исломий қаршилик ҳаракати (ҲАМАС) раҳбарияти Исмоил Ҳанияни ташкилотнинг Сиёсий бюроси раҳбари этиб қайта сайлади. 58 ёшли Ҳания 2025 йилгача ҲАМАС сиёсий бюросига раҳбарлик қилади. У бу лавозимга 2017 йилда сайланган эди.
  • Мьянма Давлат маъмурий кенгаши мамлакат муваққат ҳукумати тузилишини эълон қилди. Мьянма қуролли кучлари бош қўмондони, катта генерал Мин Аун Хлайн бош вазир лавозимини эгаллади. 2023 йилнинг иккинчи ярмида мамлакатда янги сайловлар ўтказилиши режалаштирилган.
  • Мадагаскар ҳукумати амалдаги президент Андри Радзуэлинага суиқасд уюштиришда ва ҳукуматни тўнтаришда айблаб 21 кишини, шу жумладан 12 ҳарбий хизматчини ҳибсга олди. Маълумотларга кўра, ҳибсга олинганлар орасида армия ва жандармнинг беш нафар генерали, шунингдек, тўрт нафар хорижлик, жумладан, Франция фуқаролари бор.
  • Aвстралиядаги ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат ҳукуматини тўнтариб, амалдорлар ва федерал парламент аъзоларини ҳибсга олишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятини тўхтатди.