Токиодаги Олимпия ўйинларининг саккизинчи кунида 5 нафар спортчи беллашувларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.

Янгил атлетика. Ўзбекистонлик енгил атлетикачи Даря Резниченко узунликка сакраш баҳсларининг «В» гуруҳида иштирок этди ва 6.19 метр натижа қайд этди. Бу саралашдан ўтиш учун камлик қилди ва Резниченко шу нуқтада Олимпиададаги иштирокини якунлади.

Даря Резниченко. Фото: gettyimages

Юнон-рум кураши. Бугундан Токио-2020 Олимпия ўйинлари доирасида юнон-рум кураши усталари баҳсларга киришди. Ўзбекистонликлар орасида биринчи бўлиб Элмурат Тасмурадов кураш олиб борди.

Элмурат Тасмурадов (қизил кийим). Фото: МОҚ ахборот хизмати

-60 кг вазн тоифасида курашган Тасмурадов дастлабки даврани украиналик Ленур Темировга қарши ўтказди. Ушбу баҳс украиналик курашчининг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Кейинги босқичларда Темиров финалга етиб бормади, шу сабабли Тасмурадов бронза медали учун курашиш имкониятини қўлдан чиқарди.

Ўзбекистонлик яна бир классик курашчи Мўминжон Абдуллаев ҳам (130 кг) Токио-2020 Олимпиадаси доирасидаги ўз учрашувларини ўтказди. У биринчи даврада эстониялик Артур Витининга қарши гиламга чиқди.

Мўминжон Абдуллаев (қизил кийим) Фото: МОҚ ахборот хизмати

Абдуллаев ушбу баҳсни ўз фойдасига ҳал қилиш учун атиги 31 сония сарфлади холос. Якуний ҳисоб 8:0.

Мўминжон Абдуллаев Токио-2020даги иккинчи беллашувини чорак финал босқичида чилилик спортчига қарши курашди. Ясмани Фернандесга қарши кечган беллашувда Абдуллаев 2:0 ҳисобида мағлубиятга учради ва мусобақани тарк этди.

Бокс. Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши жанг қилди. Ушбу баҳсда Жалолов яққол устунлик билан ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Маълумот учун, бокс беллашувларида ярим финалда имкониятни бой берган спортчи бронза медали билан тақдирланади.

Баҳодир Жалолов. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Энди Жалолов финал йўлланмаси учун буюк британиялик Фрейзер Кларкга қарши рингга кўтарилади.

Оғир атлетика. -76 кг вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 101 кг, силтаб кўтаришда 126 кг, умумий ҳисобда эса 227 кг натижа қайд этди. Бу кўрсаткич билан Файзуллаева умумий жадвалда олтинчи ўринни эгаллади.

Бу вазн тоифасида эквадорлик Нейси Дахомес умумий ҳисобда 263 кг кўрсаткич билан ғалаба қозонди. Кумуш медаль АҚШ, бронза медали эса Мексика вакилаларига насиб этди.



Кумушхон Файзуллаева. Фото: МОҚ ахборот хизмати