Олий Мажлис Сенати шанба куни бўлиб ўтган 17-ялпи мажлисда қонунчиликка аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритишни маъқуллади. Ҳужжат президент томонидан имзоланганидан сўнг қонуний кучга киради.

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонунда Ўзбекистон бош давлат санитария врачи санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шу билан бирга, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган (атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно).

Бироқ ушбу Қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган шахсларга нисбатан чеклов чоралари назарда

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни кўзда тутган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилди.

Сенаторлар ҳам «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонун ва Меҳнат кодексига ўзгартишлар киритишни маъқулладилар.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида«ги Қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда.

Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.

«Қонуннинг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлашни режалаштирмоқда.