Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова вафот этди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг ўлимига 12 бармоқли ичак касаллигининг асоратлари сабаб бўлганлиги айтилди.

Садбархон Мамитова 1966 йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган. У Наманган қишлоқ хўжалиги техникуми (1982−1986 йиллар) ҳамда Тошкент давлат аграр университети (1993 йил) битирувчиси саналади.

Садбархон Мамитова 2007−2008 йилларда Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2011−2017 йилларда Жалақудуқ тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори, 2019 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Марҳума 2020 йил 4 март куни Бўстон тумани хокими этиб тайинланиб, шу вақтга қадар ҳоким бўлиб ишлаб келаётган эди.