Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Марказий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонга етиб келди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Улар Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Афғонистон билан чегарадош «Термиз» полигонида Ўзбекистон — Россия Қуролли Кучлари ҳамкорлигида ўтказиладиган қўшма ўқувларда иштирок этади.

Машғулотлар давомида икки давлат ҳарбийлари шартли душманнинг яширин базаларини қидириб топиш ва йўқ қилиш, улар томонидан эҳтимолий ҳужумлар амалга оширилганда, уни бартараф этиш каби вазифаларни бажаришади.

«Спутник» маълумотларига кўра, ўқувлар 10 августга қадар давом этади. Уларга 200 га яқин ҳарбий техникалар, жумладан авиация ҳамда 1500 дан зиёд ҳарбий хизматчилар жалб қилинган.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон ҳам Россия билан қўшма ўқувларни ўтказмоқда. Яқин кунларда Су-25 самолётлари Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаси аэродромидан Тожикистондаги «Гиссар» аэродромига кўчирилди. Экипажлар шартли душманнинг ниқобланган базаларини қидириб топиб, нишонлар бўйлаб ракета-бомба зарбаларини бермоқда.