Президент 30 июль куни «Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча ОТМлар бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ва магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади:

  • Тижорат банклари таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий (14%) ставкасида ажратади. Ресурслар Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилади;
  • Таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
  • Таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 трлн сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобига тижорат банкларининг сўровларига асосан уларга Марказий банкнинг асосий ставкасида таълим кредити ажратиш учун мазкур ставкадан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада ресурслар ажратилади. МБнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, ресурс маблағлари ва таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи таълим кредитларини ажратиш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди:

  • таълим кредитлари бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ҳамда жамғармадан ажратилган маблағларнинг бир қисмини тижорат банклари томонидан гаров депозити сифатида қабул қилиш;
  • республикадаги давлат олий таълим муассасалари, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун кредит ажратиш.

Шунингдек, низом билан жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ўрнатилади.