Тошкентнинг Миробод туманида ишчи гуруҳ томонидан марказий кўчалар, ташкилот ва корхоналар пешлавҳалари, эълонлар, рекламалар матнларининг давлат тилида ёзилишига, имло қоидаларига риоя этилишига, шунингдек, географик объектлар номлари, йўл белгилари ва бошқа кўрсаткичлардаги ёзувлар давлат тилида бўлишига эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, Шаҳрисабз, Нукус, Фитрат, Миробод, Кичик халқа автомобиль йўли кўчаларида жойлашган ташкилотлар биноларида ва реклама баннерларидаги ёзувларнинг қонун талаблари асосида бўлиши таъминланди.

Шунингдек, «Янги Қўйлиқ», «Қорасув», «Олтинкўл», Абдулла Авлоний, «Лолазор», «Сарикўл», «Толариқ», Ойбек маҳаллалари ва «Миробод деҳқон бозори» АЖнинг маъмурияти ҳамда бозорда фаолият юритаётган 450 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъекти билан ташқи ёзувлар, эълонлар ва пешлавҳаларни қонун талабларига мувофиқлаштириш юзасидан тушунтириш олиб борилди.

Ўрганишлар натижасида хато ёзилган 637 та ташқи ёзувлар аниқланиб, уларнинг 494 таси хорижий тилда, 143 таси эса хато ёзилганлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳнинг тавсиясига кўра, 509 та ташқи ёзув ва ахборот матнлари қонунга мослаштирилди.

Хусусан, «ZARINA BEAUTY SALON» пешлавҳаси «Zarina go’zallik saloni», «Слоённая самса» — «Somsa», бир неча «Аптека» пешлавҳалари «Dorixona», «Всё для дома» — «Hamma narsa uy uchun», «Магазин домашных деликатесов» — «Tansiq uy taomlari», «Салон элитной керамикы и сантехникы» — «Yevropa keramika va santexnika buyumlari» деб ўзгартирилди.

Бундан ташқари Magnit, Korzinka.uz савдо мажмуаларидаги ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартирилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида ҳукумат лотин графикасидаги ўзбек алфавитига ўтишни тезлаштиришни топширган эди. 1 августга қадар давлат органлари 1 августга қадар давлат органлари барча кўчалар, пешлавҳалар ва турли блакларнинг лотин ёзувида бўлишини таъминлаши керак. Олдинроқ ушбу вазифани 2022 йил декабрига қадар бажариш кўзланган эди.