Саудия Арабистони Қироллиги якшанба куни Ҳаж мавсумини ўтказгандан сўнг, 2021 йилнинг 10 августидан бошлаб бутун дунё бўйлаб зиёратчилар учун умра хизматини тиклашини эълон қилди. Бу ҳақда The Siasat Daily Саудия Арабистони матбуот агентлигига (SPA) таяниб хабар бермоқда.

Ибодат қилиш жойлари COVID-19 стандартлари бўйича белгиланган бўлиши ва зиёратчилар тавоф қилаётганларида ердаги белгиларга амал қилишлари зарур.

Қиролликка Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Миср, Туркия, Аргентина, Бразилия, Жанубий Африка ва Ливан сингари тўққиз давлатдан ташқари барча мамлакатлардан тўғридан-тўғри рейслар орқали келиш мумкин бўлади. Санаб ўтилган мамлакатлардан келаётганлар Қироликка етиб келгунга қадар учинчи давлатда 14 кунлик карантиндан ўтиши лозим бўлади.

Зиёратчилар 18 ва ундан катта ёшда бўлишлари, COVID-19га қарши Pfizer, Moderna, AstraZeneca ёки J&J вакциналари билан тўлиқ эмланган бўлишлари керак. Зиёратчилар Хитой вакциналари билан эмланган бўлса, қўшимча равишда Pfizer, Moderna, AstraZeneca ёки J&J вакциналарининг битта дозаси билан ҳам эмланиши зарур.

Саудия Арабистонига мамлакатнинг Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтган Умра агентлиги орқали келиш талаб қилинади.

Маълумот учун, 2021 йилги Ҳаж мавсуми хорижий зиёратчиларсиз ўтди. Умра мавсуми эса пандемия бошланганидан бери 2020 йил октябрь ойидан фақат Саудия Арабистони фуқаролари ва мамлакатдаги хорижликлар учун очиқ эди.