Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) вабосининг кенг тарқалишини олдини олиш бўйича фатвосида эмланиш ва вакцина таркиби ҳақида тарқалаётган гапларга изоҳ берди.

«Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади», — дейилади фатво матнида.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга ошириши белгиланди.

Аввалроқ, идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Ислом динида вакцина олишга тақиқ йўқлиги ҳақида маълум қилган эди.

«Бизга савол ҳам келади, вакцина баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётган экан, деган мазмунда. Aслида ундай эмас. Бўлган тақдирда ҳам, бир нарса бошқа нарсага ўтганда, у ўзгаради деган қоидалар бор. Бу дорими, дорилик шароитига келгунча у асли ҳолатдан ўзгариб кетади. Шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, демак, бу ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз», — деган эди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.