Ислом динида вакцина олишга тақиқ йўқлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков айтиб ўтди.

Таъкидланишича, Ислом динининг асосий таълимотлари 5 та нарсани асрашга, ҳимоя қилишга қаратилган. Шулардан энг муҳими, энг асосийси бу инсон ҳаётини сақлаш.

«Шариат аҳкомларига қарайдиган бўлсак, динимиз кўп нарсаларни ё енгиллаштириб беради, ёки баъзи ҳолатларда айрим нарсалардан воз кечишга чақиради. Ҳатто динимизда харом дейилган нарсалар инсоннинг соғлигини сақлашда шундан бошқа чора қолмаса, ўша нарсадан фойдаланиш ёки уни истеъмол қилишга ҳам рухсат беради», — деди Ҳомиджон Ишматбеков.

Унинг қўшимча қилишича, айни вақтда вакциналар чиқяптими, мутахассислар бу борада ишлаяптими, демак, бу ҳам Худонинг марҳамати.

«Бизга савол ҳам келади, вакцина баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётган экан, деган мазмунда. Aслида ундай эмас. Бўлган тақдирда ҳам, бир нарса бошқа нарсага ўтганда, у ўзгаради деган қоидалар бор. Бу дорими, дорилик шароитига келгунча у асли ҳолатдан ўзгариб кетади. Шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, демак, бу ҳалол томонга ўтди деган хулосани беряпмиз», — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.

Шунингдек, Ҳомиджон Ишматбеков Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қурбон Ҳайитини 20 июль куни ўтказиш бўйича хулоса берганини таъкидлади. «Шунга кўра, юртимизда Ҳайит байрамини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, Қурбон Ҳайитини нишонлаш бўйича якуний хулоса Президент қарорига кўра маълум қилинади.