Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви 6 август куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий туризм зонасида бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг Тошкентдаги халқаро конференция дастури доирасидаги учрашувида маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг кузида Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилган эди.

29 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқотида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини Туркманистонда ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган эди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бундай йиғилишларнинг биринчиси 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахтида, иккинчиси — 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган.