Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илгари Қирғизистонда режалаштирилган учинчи консультатив учрашуви коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилди ва у Туркманистонда ўтказилиши мумкин, дея маълум қилди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида.

Аввалроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илхом Неъматов «Газета.uz» берган интервьюсида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг август ойида Бишкек шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган учинчи консультатив учрашуви коронавирус пандемияси сабабли кузга қолдирилгани ҳақида хабар берган эди.

«Афсуски, коронавирус билан боғлиқ вазият ва пандемияни бартараф этиш билан боғлиқ сананинг ноаниқлиги сабаб жорий йил охиригача учинчи Маслаҳат учрашувини ўтказиш учун имконият бўлмаслиги кўзга ташланиб қолди», — деди Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Туркманистон учинчи учрашувни 2021 йилда ўтказишни таклиф қилган. «Биз маслаҳат кенгашининг ҳамраиси сифатида Туркманистоннинг ушбу таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва навбатдаги Марказий Осиё маслаҳат учрашувини кенг ва сермазмун дастур асосида ўтказилишига умид қиламиз», — деди вазир.

Абдулазиз Комиловнинг фикрича, Туркманистондаги саммитдан кейин Қирғизистоннинг Бишкекда маслаҳат учрашувини ташкил этиш таклифига қайтиш мумкин бўлади.

«Лекин бу ҳолат қўшни давлатлар режалаштирилган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида „секинлашди“ деганини англатмайди», — таъкидлади вазир. Унинг сўзларига кўра, кўп томонлама ҳамкорлик Марказий Осиёнинг бешта давлати учун ҳам устувор вазифадир.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бундай йиғилишларнинг биринчиси 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахтида, иккинчиси — 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларни ўтказиш қоидаларига кўра, у йилда бир марта ўтказилади. Учинчи учрашувни Бишкекда ўтказишга қарор қилинган эди.