Сирдарёда кучли таъсир қилувчи «Тропикамид» препаратини ноқонуний сотаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Маълумотга кўра, фуқаро М.Қ. харидор Ф.га 150 дона кучли таъсир қилувчи «Тропикамид» дори воситасини 12 млн сўмга сотган вақтида ушланган.

Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, М.Қ.га дори воситаларини етказиб берувчи шериги А.Х. 600 дона «Тропикамид» дори воситасини 30 млн сўмга ўтказиш учун олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.