Aфғонистонда 18 млндан ортиқ киши шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож — ОАВ

Бу ҳақда The Khaama Press Aфғонистон ҳукумати ва БМТнинг ушбу давлатдаги миссиясининг қўшма баёнотига асосланиб хабар берди. Мамлакат ҳукумати ва БМТ гуманитар инқирознинг олдини олиш учун дунё ҳамжамиятини афғонларга бундай ёрдам кўрсатишга чақирди. Маълумотларга кўра, Aфғонистонда беш ёшгача бўлган болаларнинг учдан бир қисми жанговар ҳаракатлар, қурғоқчилик ва коронавирус пандемияси шароитида очликдан азият чекмоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги гуманитар ташкилотларнинг ходимларига ҳужум ва суиқасд уюштирилмоқда. Aфғонистон молия вазири вазифасини бажарувчи Холид Паинда афғон ҳукумати гуманитар инқирозга қарши курашиш учун 250 млн доллардан кўпроқ маблағ ажратишни режалаштираётганини таъкидлаб, халқаро ёрдамга чақирди.

Шунингдек:

  • Қозоғистон ТИВ АҚШдан афғон қочқинларини ўз ҳудудига вақтинча жойлаштириш тўғрисида мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди. Аввалроқ АҚШ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан АҚШ ҳарбий кучлари билан ишлаган ва ҳозирда «Толибон» қасосидан қўрқаётган 9000 га яқин афғонистонликларни вақтинча қабул қилишни илтимос қилиб мурожаат қилди, деб ёзган эди Bloomberg.
  • Туркманистон ТИВ Aфғонистон билан чегара ҳудудига ҳарбий техниканинг сафарбар қилиниши ҳақидаги хабарларни рад этди. «Туркманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, унинг тасарруфидаги барча ҳарбий қисмлар, уларнинг шахсий таркиби ва ҳарбий техникаси доимий жойлашиш жойларида қолмоқда ва дастурга мувофиқ режалаштирилган ўқув тайёргарликдан ўтмоқда», дея қўшимча қилди вазирлик.
  • Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида фаолият кўрсатган Россиянинг Мозори Шарифдаги бош консулхонаси дипломатлари Ўзбекистонга олиб келинди.

Гаити президентига суиқасд уюштиришда гумон қилинаётган шахс ҳибсга олинди

Гаити полицияси бошлиғи Леон Шарль президент Жовенель Моизга суиқасд ташкилотчилари билан алоқадорликда гумон қилинаётган шахс ҳибсга олинганини эълон қилди. Шарль ҳибсга олинган шахснинг исми Кристиан Эммануэль Санон эканлигини айтиб, бошқа тафсилотларни келтирмаган. Таъкидланишича, полициячилар Саноннинг уйидан AҚШ Гиёҳвандларга қарши курашиш идораси логотипи туширилган бош кийим, 20 қути ўқ-дори, қурол қисмлари, тўртта Доминикан Республикаси давлат авторақамлари ва номаълум шахслар билан ёзишмалар топдилар. Тергов ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Гаити Бош полиция инспекцияси тергов пайтида марҳум президент қўриқчиларига мамлакатни тарк этишни тақиқлади. Ҳозиргача Колумбиянинг 18 фуқароси ва асли гаитилик бўлган икки AҚШ фуқароси ҳибсга олинган.

7 июль куни бир гуруҳ номаълум шахслар Гаити президентининг Порт-о-Пренсдаги қароргоҳига бостириб кириб, мамлакат раҳбари ва унинг рафиқаси Мартина Моизга қарата ўқ узишди. Моиз олган жароҳатларидан вафот этди, унинг рафиқаси эса касалхонага ётқизилди. Мамлакат бош вазири в.б. Клод Жозеф Мартина Моиз соғлиғининг яхшиланиши тўғрисида хабар берди.


Дунё бўйлаб намойишлар

  • Тбилисида ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Бунга «TV Pirveli» телеканали оператори Aлександр Лашкараванинг 5 июль куни ЛГБТ мухолифлари томонидан калтакланганидан кейин вафоти сабаб бўлди. Митинг қатнашувчилари ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда. «Биз расмийларга эртага (12 июль) соат 12:00 гача вақт бердик. Биз учун ягона мақбул ечим шуки, бош вазир Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат тўлиқ истеъфога чиқиши керак. Давлат хавфсизлик хизмати рахбари ҳам истеъфога чиқиши керак. Aгар талаб бажарилмаси, эртага соат олтида биз яна шу ерда йиғиламиз», — дея огоҳлантирди TV Pirveli" телеканали бош директори Ника Гварамия.

Фото: Darren Stewart / Getty Images

  • Жанубий Aфрика Республикасида мамлакат собиқ президенти Жейкоб Зуманинг қамоққа олингани сабабли норозилик намойишлари бошланди. Полиция Зумани қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиққанлар орасида 60 дан ортиқ одамни ҳибсга олди. 10 июль куни кечқурун 300 га яқин намойишчилар Ёханнесбургдаги асосий автомагистралда тўсиқ ўрнатдилар, жами 800 га яқин одам тартибсизликларда иштирок этди. Бир нафар полиция ходими отиб ўлдирилди, икки нафари яраланди. Аввалроқ ЖАР собиқ президенти судга ҳурматсизлик қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган эдик. Шундай қилиб, Зума мамлакатнинг яқин тарихида қамоқ жазосига ҳукм қилинган биринчи собиқ давлат раҳбари бўлди.
  • Кубада минглаб аҳоли ҳукуматга қарши намойиш ўтказди. Намойишчилар аҳолини коронавирусга қарши вакциналар билан таъминлашни талаб қилдилар ва электр энергияси ҳамда озиқ-овқат таъминотидаги узилишлардан норозиликларини билдирдилар. Бу мамлакатдаги 30 йил ичидаги энг йирик намойиш бўлди.

Миср парламенти президентнинг мамлакатда фавқулодда ҳолатни уч ойга узайтириш тўғрисидаги фармонини маъқуллади

Фармон бутун мамлакат бўйлаб 24 июль куни маҳаллий вақт билан 01:00дан кучга киради. Президентнинг кўрсатмасига биноан қуролли кучлар ва Ички ишлар вазирлигига «терроризм хавфига қарши курашиш, уни молиялаштириш манбаларининг йўлини тўсиш, бутун республика бўйлаб хавфсизликни таъминлаш, давлат ва хусусий мулк, шунингдек, фуқароларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриш» буюрилган.

Мисрда фавқулодда чоралар 2017 йил 25 апрелда Танта ва Искандария шаҳарларидаги черковларга қилинган террор ҳужумларидан сўнг жорий қилинган. Унда 120 дан ортиқ киши яраланган бўлиб, 45 киши вафот этган эди. — ТАСС.


Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари

АҚШнинг Калифорния штатида узоқ давр мобайнда сақланиб қолган юқори ҳаво ҳарорати ва давом этаётган қурғоқчилик кенг тарқалган ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди. Aмерика миллий боғи бўлган «Ўлим водийси»да ҳаво ҳарорати 54 даражага етди.

Фото: АР/ТАСС

Фото: АР/ТАСС

Фото: АР/ТАСС

Фото: АР/ТАСС


Шунингдек:

  • Virgin Galactic компанияси асосчиси Ричард Брэнсон VSS Unity ракетопланида коинотга парвозини муваффақиятли амалга ошириб, космик туризм эраси бошланганини эълон қилди.
  • Францияда президент сайловларининг биринчи босқичи 2022 йил 10 ёки 17 апрель кунлари бўлиб ўтиши мумкин. Вариантлардан бирига кўра, президент сайловларининг биринчи босқичи 10 апрелда, иккинчиси эса 24 апрелда бўлиб ўтиши керак. Яна бир вариантда биринчи тур 17 апрелда, иккинчиси 1 майда ўтказилиши кўзда тутилган.
  • 11 июль куни Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловларида ғолиб чиққан Ҳаракат ва бирдамлик партияси икки-икки ярим ҳафта ичида республиканинг янги ҳукуматини тузади.
  • Германия канцлери Aнгела Меркель 14−16 июль кунлари AҚШга ташрифи давомида Жонс Хопкинс университетининг фахрий докторлик унвонига эга бўлади.
  • Европа Иттифоқи Россияга қарши иқтисодий санкцияларни яна олти ойга узайтирди.