Гаити президенти Жовенель Моиз ўз уйида ўлдирилди

Қотиллар президентнинг Порт-о-Пренсдаги қароргоҳига бостириб кириб, у ва унинг рафиқаси Мартина Моизга қарата ўқ узишди. «Бугун, 7 июль куни, тунги соат 1 да испан ва инглиз тилларида гаплашувчи бир гуруҳ номаълум шахслар республика президентига суиқасд уюштиришди. Президент олган жароҳатларидан вафот этди», — деди бош вазир вазифасини бажарувчи Клод Жозеф. Жароҳатланган Мартина Моиз аввал касалхонага ётқизилди, кейинчалик у ерда вафот этди, дея хабар берди РИА Новости маҳаллий ОАВга таяниб. Кейинроқ, РИА Новости «президент рафиқаси касалхонада ва унинг аҳволи оғир эканлигини» маълум қилди. (2021 йил 7 июль, 22:24 да тўлдирилди).

53 ёшли Жовенель Моиз 2017 йил февралидан бери мамлакат президенти сифатида ишлаб келган. Ўтган йилнинг февраль ойида Гаитида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар президент истеъфосини талаб қилишиб, уни инфляция ўсиши, амалдорлар орасидаги коррупция даражаси ва иқтисодиётнинг ёмонлашувида айблашди. — Газета.uz

Президентнинг ўлимидан сўнг, Гаитининг Туссен-Лувертюр номидаги ҳалқаро аэропорти ёпилди, мамлакатда эса ҳарбий ҳолат жорий қилинди. Доминикан президенти Гаити билан чегарани ёпишни буюрди. AҚШ мамлакатдаги элчихонасининг фаолиятини вақтинча тўхтатди.


Туркманистонда 18 ёшдан катта бўлган фуқароларга мажбурий эмлаш жорий этилди

Вакциналарнинг ҳар қандай таркибий қисмларига аллергик реакцияга эга бўлган шахслар, эмизикли ва ҳомиладор аёллар, 18 ёшгача бўлганлар, шунингдек, юқори иситмаси бор, ўткир ва сурункали касалликларга дуч келган фуқаролар эмлашдан озод қилинади.

Ундан олдин, бир неча ой давомида, Туркманистонда хавф гуруҳида бўлган одамлар ва қариялар коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган. Норасмий маълумотларга кўра, мамлакатда Россиянинг «Спутник V» ва Хитой вакциналаридан фойланилган. — Газета.uz

Кеча Тожикистонда ҳам вояга етган фуқароларга мажбурий эмлаш жорий этилди.


Литва Беларус билан чегара ҳудудида муҳожирларни ушлаб туриш мақсадида девор барпо этади

«Биз Литва ва Беларусни ажратиб турадиган қўшимча жисмоний тўсиқни қуришни бошлаймиз ва бу ноқонуний мигрантлар оқимини уюштирувчилар учун аниқ белги ва маълум бир тўсиқ бўлади», — деди мамлакат бош вазири Ингрида Шимоните. Литвада Шенген ҳудудининг 1070 км ташқи чегаралари мавжуд бўлиб, улар Европа Иттифоқининг ташқи чегараларига тўғри келади. 2018 йилда Литва Россия Федерациясининг Калининград вилояти билан чегаранинг қуруқлик қисмида икки метр баландликдаги сим девор барпо этган. Кейинги режаларда Беларус билан чегара ҳудуди бор эди, аммо ҳозирга қадар бу амалга оширилмади. Ушбу чегаранинг 40 фоизига яқини, бош вазир айтганидек, «жисмоний тўсиқ билан жиҳозланмаган».

Таъкидланишича, йил бошидан буён Литвага Беларус ҳудуди орқали, асосан Осиё мамлакатларидан кириб келган 1,4 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирлар ҳибсга олинди. Бу бутун 2020 йилга нисбатан 17,5 баробар кўп. 2 июль куни Вазирлар Маҳкамаси миграция инқирози муносабати билан мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилди. — ТАСС.

Шунингдек: АҚШда Беларусга авиачипталар сотиш бўйича тақиқ кучга кирди. Тақиқ, шунингдек, ушбу йўналиш бўйлаб бошқа авиакомпанияларнинг самолётларига ўтказиладиган парвозларга ҳам тегишли.


Россия иттифоқчиларни ҳимоя қилиш учун Тожикистондаги ҳарбий базадан фойдаланишга тайёр — Россия ТИВ

«Биз Aфғонистонда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатмоқдамиз, у ерда вазият ёмонлашиб кетмоқда, жумладан Aмерика ва НAТО қўшинларининг шошилинч чиқиб кетиши бунга сабаб бўлган», — деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Лаос пойтахтида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. Унинг таъкидлашича, AҚШ ва НAТО Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида аниқ натижаларга эриша олмаган. Вазир Россиянинг КХШТ доирасидаги мажбуриятлари «тўлиқ кучда қолишини» таъкидлади. Шунингдек, ташкилот котибияти вакиллари «тожик-афғон чегарасига ташриф буюриб, вазиятни баҳолаб, КХШТ доимий кенгашига ҳисобот беришини» эслади. «Биз иттифоқчиларимизга қарши ҳар қандай тажовузкор қадамларнинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қиламиз, шу жумладан Тожикистоннинг Aфғонистон билан чегарасидаги ҳарбий базамиз имкониятларидан фойдаланамиз», — деди Россия ташқи ишлар вазири. — Интерфакс.

Шунингдек: Германиянинг Бош консуллиги Мозори Шарифда (Балх вилояти) фаолиятини тўхтатди. Мозори-Шариф ҳарбий лагерида жойлашган Германия аскарлари ўтган ҳафта мамлакатни тарк этишди. Ўтган йили мамлакатнинг Aфғонистондаги контингенти мингга яқин ҳарбий хизматчиларни, асосан ҳарбий инструкторларни ташкил этган. Айтилишича, Германия 2001 йилдан 2020 йилгача «Resolute Support» операциясига 12 млрд евро сарфлади.


Латвияда COVID-сертификатисиз одамларни ишдан бўшатишга рухсат берилди

Латвияда иш берувчилар 15 сентабргача коронавирусга чалиниб тузалгани ёки эмлаш тўғрисида COVID-сертификатисиз ходимларни ишдан бўшатиш, четлатиш ёки бошқа лавозимларга ўтказиш ваколатига эга бўлади. Сертификат давлат ва муниципал муассасаларда хизмат кўрсатаётган, ташкилот ёки корхонанинг доимий ишларида қатнашаётган ходимлардан талаб қилинади. Вазирлар Маҳкамаси 6 июль куни тиббиёт, ижтимоий, таълим ва бошқа муассасаларда мажбурий эмлашни жорий этишга қарор қилди. — Leta.


Шунингдек:

  • «Ever Given» контейнер кемаси уч ойдан сўнг Сувайш каналини тарк этди. Кема эгаси канал маъмуриятига товон пули (550 млн доллар) билан бир қаторда, буксир кемасини ҳам топширди.

Фото: Mahmoud El-khawas / Getty Images