Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида фаолият кўрсатган Россиянинг Мозори Шарифдаги бош консулхонаси дипломатлари Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили — матбуот котиби Юсуп Кабулжанов маълум қилди.

«Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда Россия Федерациясининг Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон) консуллик муассасасида фаолият юритган дипломатлар Ўзбекистон ҳудудига муваффақиятли тарзда олиб келинди», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ Афғонистоннинг 1TV News телеканали «Толибон» ҳаракати кучлари Мозори Шарифга кириб келаётгани муносабати билан Туркия, Покистон ва Эрон консулхоналари ушбу ҳудуддаги фаолиятини вақтинчалик тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. РИА Новостининг хабар қилишича, Россиянинг Мозори Шарифдаги бош консулхонаси «вазият аниқлангунга қадар» ёпилган.