Май ойи охирларида ижтимоий тармоқларда икки боланинг дарахтга кучукни осаётгани тасвирланган видео тарқалди. Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолатга изоҳ бериб, ҳозирда кучукнинг аҳволи яхшилигини маълум қилди.

ИИБ хабарига кўра, 24 май куни Чортоқ тумани «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи икки нафар мактаб ўқувчиси уйидаги товуқларига зарар етказган итни далага ташлаб келиш мақсадида уни ўзи билан олиб, уйдан чиқади. «Ўзлари содир этаётган ҳаракатларни ҳуқуқий оқибатини тушуниб етмасдан итни чинор дарахтига осган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатни Чортоқ тумани «Ҳайрли» маҳалласида яшовчи И.Б. (2003 й.т.) видеотасвирга олган. У телеграм ижтимоий тармоғидаги синфдошлар гуруҳига юборган. 27 май куни видеони 11-синф ўқувчиси А.Т. «Тик ток» ижтимоий тармоғига жойлаштирган. Ҳозирда видеотасвирдаги кучукни, уни осган болалардан бири парваришлаётгани айтилмоқда.

Холат юзасидан Чортоқ туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, айбдор шахсларни жавобгарлик масаласини ҳал этишлик учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.