5 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президентлар Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларни давом эттиришга ва яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

ТАССнинг ёзишича, душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москванинг Афғонистоннинг чегараолди ҳудудларида АҚШ ҳарбийларининг у ердан олиб кетилиши ортидан вазиятнинг ривожланишидан хавотирда эканлигини айтди. Унга кўра, РФ раҳбарияти мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатмоқда ва у ерда «беқарорлик юз бераётганини» таъкидламоқда.

РФ Тожикистонга чегараларни ҳимоя қилишда ёрдам бериш учун қўшимча контингент юбориш имкониятини кўриб чиқяптими ёки йўқми деган саволга жавобан, Кремл вакили Россия ҳарбийлари ва чегарачилари Афғонистоннинг чегара ҳудудларида вазиятнинг оғирлашишини кузатиб боришини ва тегишли чораларни кўришини таъкидлади.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари телефон орқали мулоқотда минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилган эдилар. Томонлар Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтиришда куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Владимир Путин Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилди. Кремл сайтидаги баёнотга кўра, Владимир Путин Эмомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбатда «Тожикистонга ҳам икки томонлама тартибда, ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида керакли кўмакни беришга тайёрлигини тасдиқлади».

Шунингдек, 5 июлга ўтар кечаси «Толибон» кучлари Афғонистоннинг Бадахшон провинциясидаги олтита округни ўз назоратига олгани хабар қилинган эди. Тожикистон қўшни давлат ҳудудига чекинган Афғонистон ҳукумат қўшинларининг 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларини қабул қилди. Президент Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилишини эълон қилди.

Афғонистондаги вазият кескинлашгани ортидан тахминан 100 нафар афғон ҳарбий хизматчилари ва қуролли гуруҳлар аъзолари Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтган эди. Уларнинг барчаси ортга қайтарилди.