Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тожикистон Республикаси президент Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қайд этилишича, минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Яқин идоралараро мувофиқлашувни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги тадбирларни, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш режасини кўриб чиқдилар.

Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Афғонистон билан чегарадаги вазият жуда кескин деб баҳоланди.

Томонлар хавфсизлик соҳасида, хусусан Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтиришда куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.