2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда бензин нархи 17 фоизга қимматлашди. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Июнда бензин республика бўйича ўртача 2,5 фоизга, пропан эса 8,7 фоизга қимматлашди.

2021 йил бошидан нархларнинг сезиларли ошиши бензин (17,0%) ҳамда шахсий транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари (8,2%) нархларида қайд этилди. Йиллик нисбатда эса инфляцион жараёнлар бензин (38.9%), шахсий транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари ҳамда ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари (18,8%) нархларида яққол намоён бўлди, дейилади ҳисоботда.

Ўтган йил охирида Энергетика вазирлиги нима сабабдан турли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин турли нархларда сотилаётгани, шунингдек, импорт бензин Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганига қараганда арзонроқ эканига изоҳ берган эди.

2020 йил 1 майдан бошлаб автомобиль бензини чакана нархларининг давлат томонидан бошқарилиши бекор қилинди.

Ой бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев бензин нархининг қимматлашуви иқтисодиётнинг барча соҳаларида нархлар ошишига сабаб бўлишини таъкидлаган эди.

Унинг сўзларига кўра, АИ-91 бензини АЁҚШларда бир литр учун 7200 сўмдан сотилишни бошлаган. Июнь охирида ижтимоий тармоқларда Аи-80 бензини 6000 сўм, Аи-92 — 7400 сўм, Аи-95 — 7800 сўмга ошгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Биржада АИ-80 бензини йил бошидан бери (январдан июлгача) тоннаси учун 5,7 миллиондан 6,9 миллион сўмгача (литри 4646 дан 5745 сўмгача), АИ-91 — 6,7 миллиондан 8, 2 миллион сўмгача (литри 5400 дан 6827 сўмгача), Аи-92 — 6,7 миллиондан 8,3 миллион сўмгача, Аи-95 — 8,5 миллиондан 9,6 миллион сўмгача (7200 дан 7570 сўмгача) қимматлашди.

У, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 185,7 миллиард миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берганини эслаб ўтди. Жумладан, Жиззах нефть базасида ўртача қиймати 146 млрд сўм, Бухоро нефть базасида ўртача қиймати 20,7 млрд сўм, Андижон нефть базасида ўртача қиймати 19 млрд сўмлик нефт махсулотлари талон-тарож қилинган.

Парламентарий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан қонунбузарларга нисбаан қандай чоралар кўрилганини сўради.