Ўзбекистондан Қозоғистонга мева-сабзавот карвони келади. Бундай натижалар билан Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султоновнинг Марказий Осиё бўйлаб иш сафари якунланди, дея хабар бермоқда Forbes Kazakhstan. Spot бунга эътиборни қаратди.

«7 кун ичида биз қарийб 2 минг км йўл босиб, 3 млн долларга турли хил маҳсулотларни синов тариқасида етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладик, бир нечта кооператив лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдик ва бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик режаларини белгилаб олдик: агросаноат комплекси, енгил саноат, IT, машинасозлик, электротехника…», — деб ёзди вазир Facebook`даги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент ҳокими билан саноат кооперацияси тўғрисида келишувга эришилди, хусусан, Қозоғистоннинг Alageum Electric компанияси томонидан трансформатор ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бахит Султонов таъкидлашича, сафар давомида Қозоғистон делегацияси «далалар ва боғларга, бозорларга ва агрологик марказларга ташриф буюрган, транспорт коридорлари ва савдо бозорлари йўлидаги тўсиқлар ҳақида cўраб-суриштирган, деҳқонлар, савдогарлар, вилоят раҳбарлари билан кўплаб учрашувлар бўлган».

«Биз муҳокама қилган жуда муҳим жиҳат: товарларни тақсимлаш коридори бўйлаб ташкил этиладиган логистика марказларида нафақат калибрлаш ва саралашни, балки тўғри қадоқлашни ташкил қилиш масаласини ҳам ҳал қилиш керак. Катта чакана савдо тармоқларида қадоқлаш учун жуда қаттиқ талаблар мавжуд, уларсиз жуда яхши маҳсулот ҳам ҳеч қачон расталардан ўрин эгалла олмайди», — деди у.

Қозоғистон Республикаси вазири ташрифнинг сўнгги икки кунида иккита шартнома имзоланганлигини маълум қилди. Биринчиси — 500 минг доллар эвазига ўзбек гилосини сотиб олиш бўйича шартнома. Унинг доирасида «шартнома тузган Қозоғистон компанияси юқори сифатли ўзбек ва қозоқ гилосининг кенгайтирилган партиясини кейинчалик Дубай савдо тармоқларига етказиб беришни режалаштирмоқда».

Иккинчиси — Суғд вилояти Ғофуров туманидан 500 минг долларга Қозоғистон савдо тармоқларига мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома.