25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ дарёси бўйида тикланган махсус айвонда Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари билан учрашди.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан маҳаллалар ободончилиги бўйича сусткашлик сабаби ва бунинг ечимлари тўғрисида ҳисобот сўради.

«Тўғрисини айтсам, биз сизнинг талабларингиз ортидан улгурмай қоляпмиз. Ҳозир сиз бизга ҳар қанча зарур маблағни ажратиб беряпсиз. Лекин муҳтарам президент, ишончингизни албатта оқлаймиз. Шу йилнинг 1 октябргача 531 та маҳалладаги барча масалаларни ҳал қиламиз. Уйларнинг томини ҳам, сув таъминотини ҳам қиламиз. Лойиҳаларимиз кўлами жуда катта», — дея Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, ишсизликни бартараф қилиш бўйича дастурлар бош вазир назоратида турибди. Қурилишларга вилоятлардан келган инсонларни ҳам расмий иш билан таъминланади.

«Сизга қизиқ тенденция тўғрисида айтмоқчиман: вилоятларда аҳолига 10−20 сотихдан ер бериш тўғрисида қарор қабул қилганингиздан кейин Тошкент шаҳрида ишлаб турган жуда кўп ишчилар „Мен президент берган ердан олиб ишлашим керак“ деб уйларига қайтиб кетдилар», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Бунга жавобан давлат раҳбари шошма-шошарликка йўл қўймаслик, сифатга эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

«(ишни) 1 октябргача битказишимиз керак экан, деб шошилманглар. Мен ундай талабни қўйганим йўқ. Майли, 1 ноябрь ёки декабрь бўлсин. Муҳими ишларни сифатли бажаринглар», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, асфальт бир йилга бормай кўчиб кетмаслиги, томдан сув ўтмаслиги керак.

«Президент ажратиб бераётган бўлса ҳам халқнинг пули бу. Муҳими, бажарилган ишларимиздан маҳаллаларимиздаги одамлар рози бўлишсин. Мен маҳалла раисларининг маошлари масаласига ҳали қайтаман. Ҳали маҳалла йиғини обрўсини янада кўтарамиз, келажакда олийгоҳларга маҳалладан тавсия бўйича қабул қиламиз», — дейди президент.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, «Обод маҳалла» дастури доирасида 937 км узунликдаги сув таъминоти ва канализация тармоқларини, газ ёки электр тармоқларини, шунингдек, Тошкент шаҳрида 545 км ички йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар ёнида пиёдалар йўлакларини бетонлаштириш, болалар майдончалари ва спорт майдончалари, кутубхоналар қуриш ва таъмирлаш, эски лифтларни янгилаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш режалаштирилган.

Март ойида президент 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 31,5 трлн сўм, яъни 3 млрд 50 млн доллар ажратилишини маълум қилган эди. Кейинроқ Бош прокуратура томонидан дастурлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун эса махсус телеграм бот ишлаб чиқилди.

Апрель ойида Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласини намуна қилиб олиб, Тошкент шаҳридаги барча 524 та маҳаллани шундай обод қилиш бўйича топшириқ берди.