2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 31,5 трлн сўм, яъни 3 млрд 50 млн доллар ажратилади. Бу ҳақда айни дақиқаларда президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Жорий йилда „Обод қишлоқ“ ва „Обод маҳалла“ дастурлари доирасида 31,5 трлн сўм, яъни 3,05 млрд доллар ажратилади. Ташқи қарзимиз кўпаймаган ҳолда бераяпмиз. Шундан, жами 21 триллион сўмини Қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли шароитини яхшилашга йўналтирамиз. Қолган 11 триллион сўмлик ипотека дастурлари ижроси таъминланади. Бундай маблағ, шу кунгача бирор марта берилмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, 9 та йўналиш бўйича ажратилаётган ушбу маблағлар ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими билан муҳокама қилинган.

Ўтган ҳафтада барча туман ва шаҳар кенгашларида бу дастурлар асосида амалга оширадиган лойиҳалар ҳимоя қилиниб, қайси маҳалла ва қишлоқ танлангани, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бунда аҳоли иштирокига оид масалалар белгилаб олинди.

Масалан, Пайариқ туманида 145 километр йўллар, 1 минг километр электр тармоғи, 250та трансформатор ва 54километр ичимлик суви тизими яроқсиз аҳволда, 26та мактаб, 17 та боғча, 4 та қишлоқ оилавий шифокор пункти таъмирталаб.

Шунингдек, туманда ишсизлар сони 9 минг 400 нафарни ташкил этади, «темир дафтар»га 1 мингта оила, «ёшлар дафтари»га 6 минг нафар ва «аёллар дафтари»га 2 минг 200нафар аҳоли киритилган.

Жорий йилда Пайариқ туманидаги 56та қишлоқда 83миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, Самарқанд вилоятида 717 та қишлоқ ва 198 та шаҳар маҳаллалари қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга 1,6 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.