24 июнь куни Шавкат Мирзиёев инвестиция ва экспорт соҳаларидаги ишлар натижадорлиги, йил якунигача амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда инвестицияларнинг натижадорлиги чуқур таҳлил қилинган.

«Ҳар бир доллар давлатимизга фойда келтириши керак. Инвестиция инвестиция учун эмас, иш ўрни яратилиши, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўзлаштирилиши керак. Лойиҳаларнинг самарали ишлаши учун эса корхонанинг айланма маблағи, гази, электр энергияси, экспорти нима бўляпти — булар билан доим шуғулланиш лозим. Инвестиция ва экспорт билан шуғулланмаган ҳокимларнинг келажаги йўқ», — деди у.

Таҳлилларга кўра, ажратилган ҳар бир млрд сўм эвазига Наманганда 12 та, Андижонда 11 та, Навоий ва Сирдарёда 8−9 тадан янги иш ўрни яратилган. Бу кўрсаткич Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда 6−7 та, Қашқадарё ва Фарғонада 5 тага тўғри келган. Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида эса атиги 3−4 тани ташкил этган.

Яна бир таҳлил, Тошкент вилоятига сўнгги 4 йилда йўналтирилган 950 млн доллар хорижий инвестиция ва банк кредитлари ҳисобига атиги 40 мингта янги иш ўрни яратилган. Яъни бир иш ўрни 24 минг долларга тўғри келмоқда. Ваҳоланки, Наманган вилоятида 2 баравар кам маблағ сарфланиб, 52 мингта иш ўрни очилган.

Шунингдек, 2 мингдан зиёд корхона паст қувватда ишлаётгани, айрим туманларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани қайд этилди.


Давлат раҳбари тармоқ ва ҳудуд раҳбарларининг асосий вазифаси инвестициявий фаолликни кучайтириш билан бирга, уларнинг самарадорлигини ошириш бўлиши кераклигини таъкидлади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда саноат бўйича ишга солинмаган имкониятларни аниқлаб, манзилли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда қўшниларни ҳам ҳисобга олганда, мебель маҳсулотлари бозори 2,5 млрд долларга тенг ва бу биз учун жуда катта имконият. Лекин, бугунги кунда республика бўйича 5,5 мингта мебель корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашган бўлиб, уларни саноатлаштириш орқали, камида мингта лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Мисол учун, Хоразмдаги мебелсозларнинг 44 фоизи Хонқада жойлашган. Тумандаги „Истиқлол“, „Баркамоллик“, „Пахтагул“ ва „Ватанпарвар“ маҳаллаларида 100 дан зиёд оила ўз хонадонларида мебель ишлаб чиқаради», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент 15 та ҳудуд — Нукус, Андижон, Олтинкўл, Ромитан, Қарши, Кармана, Пастдарғом, Узун, Бағдод, Ўртачирчиқ, Хонқа туманлари, Жиззах, Қарши, Наманган ва Янгиер шаҳарларида кластер шаклидаги мебелчилик кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 млн долларлик 450 та лойиҳа жойлаштирилиши ва камида 7,5 мингта янги иш ўринлари яратилиши бўйича топшириқ берган.

Бундан ташқари, юртимиздаги 5 мингдан зиёд мебель корхонасидан 1 минг 500 таси хонадонларда жойлашган. Энди уларни саноатлаштириш, маҳсулотларни ва иш ўринларини янада кўпайтириш мумкин.

Бу каби чора-тадбирларни чарм-пойабзал, электр техникаси, тўқимачилик, фармацевтика, заргарлик, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳам амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда чарм-пойабзал саноатида 202 млн долларлик 112 та лойиҳа, электр техникаси тармоғида 140 млн долларлик 45 та лойиҳа, фармацевтика йўналишида 146 млн долларлик 36 та лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Президент бир ойда 10 та ҳудуд — Андижон, Шаҳрихон, Жиззах, Наманган, Марғилон, Қўқон, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарлари, Ургут ва Самарқанд туманларида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича топшириқ ҳам берди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширишга қўшимча 50 млн доллар кредит линияси жалб қилинади.


Шу билан бирга, бугунги кунда бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган яна 19 мингта объект бор. Мутасаддиларга уларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, электрон платформасини яратиш, тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда умумий қиймати 6,5 млрд долларлик 226 та йирик тармоқ ва ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиши, 35 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мўлжалланган. Йиғилишда уларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилган.

Маълумот ўрнида, шу йили 756 та лойиҳа доирасида 7,7 млрд доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган кредитларни ўзлаштириш белгиланган.

Шавкат Мирзиёев давлат ташқи қарзи иштирокидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Тендерлар очиқ-ошкоралигини таъминлаш ва лойиҳаларни мақбуллаштириш орқали маблағларни иқтисод қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг 21 июндаги қарори билан ҳудудларда кластер усулида мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган КСЗлар ташкил қилиниши ва уларга бериладиган имтиёзлар белгилаб берилган эди.