Президент 21 июнь куни «Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларда кластер усулида мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари (КСЗ) ташкил этилади. Улардаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

КСЗларни ташкил қилиш учун ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.

Зоналардаги ишлаб чиқариш майдонларига эгалик қилишнинг мажбурий шарти сифатида ушбу кичик саноат зонасининг бош режасига асосан мебель ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш объектларини жойлаштириш белгиланади.

Зоналардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ер майдонларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишдан тушган тушумнинг маҳаллий бюджетга йўналтириладиган қисми бюджетнинг қўшимча даромади сифатида шакллантирилади ва камида 30 фоизи ушбу ҳудудда янги ер майдонларини қишлоқ хўжалигига киритиш учун сарфланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ойда ташкил қилинаётган кичик саноат зоналарини барча муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш манзилли дастурини тасдиқлайди.

2021 йил 15 июндан бошлаб қуйидаги харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади:

  • 2021−2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё (ТИФ ТН бўйича 4410 ва 4411 кодлари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг — 50 фоизи миқдорида;
  • 2024 йил 1 январга қадар мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг — 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

Икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи «2021−2024 йилларда Ўзбекистонда мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантириш дастури» лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • республика ҳудудларида қурилаётган кўп квартирали уй-жойларни аҳолининг талабидан келиб чиққан ҳолда биринчи навбатда маҳаллий мебель маҳсулотлари билан жиҳозлаш бўйича истеъмол кредитларининг янги турлари ва пакетларини жорий қилиш;
  • 2021−2024 йилларда республика ҳудудларидаги давлат ташкилотларининг, шу жумладан, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг мебель жиҳозларини янгилаш графигини тасдиқлаш;
  • мебель саноатининг барча йўналишларида хомашё сифатида фойдаланиладиган дарахт турларини республика иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда етиштириш ҳамда республика мебель саноатида хомашё сифатида фойдаланиладиган дарахт турлари плантацияларини барпо этиш;
  • хорижий давлатлардаги (Хитой, Туркия ҳамда Европа давлатлари) йирик мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан республикада ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;
  • Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда республика ҳудудларида МДФ плиталари, HPL панеллар, ҳамда хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш.

Қарор билан шунингдек, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили май ойида маҳаллий ва хорижий корхона вакиллари, салоҳиятли инвесторлар, экспертлар ва тармоққа алоқадор бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда Мебель халқаро савдо кўргазмаси («Uzbek International Furniture Fair») ўтказилади.