Пандемия даврида Россия давлатида қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга олиб келиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан иккита махсус поезд рейси йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 28 июнь куни Москва Казанский-Тошкент йўналишида поезд ўз ҳаракатини амалга оширади. Поезд Москвадан соат 22:28 да жўнайди.

Шунингдек, 25 июнь куни Волжский-Тошкент йўналишида ҳам 1 та махсус поезд қатнови амалга оширилади. Поезд Волжский вокзалидан соат 20:57 да жўнайди.

Ушбу поездларга фақат бир томонга, яъни Москва-Тошкент ҳамда Волжский-Тошкент йўналишларига чипталар сотилади. Йўловчилар ёки уларнинг яқинлари е-ticket.railway.uz сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилишлари мумкин.

Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.