Kun.uz нашри сайт раҳбари жаримага тортилганидан сўнг сайт фаолиятида танаффус қилди. 22 июнь куни ҳам сайтнинг ўзбекча талқинида хабарлар лентаси янгиланмади.

«Газета.uz» нашр раҳбарларидан бири диний мазмундаги материалларни эълон қилгани учун 12,2 млн сўм миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар берган эди. Azon.uz сайти раҳбарияти ҳам МЖТКнинг 184−2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди.

«2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият ўзгариши ортидан мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш борасида ҳам жиддий ислоҳотлар олиб борилди. Давлат раҳбари бу масалага жиддий қараб, ОАВ вакилларини ислоҳотларни амалга оширишда ўзига кўмакчи деб атаб, уларни журъатли бўлишга чақириб келмоқда», — дейилади Kun.uz баёнотида.

Шунинг баробарида, мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ айрим қонунчилик меъёрлари, жумладан, нашрнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган қонун нормалари, ҳамон эски қолипларда қолмоқда. «Бундай камчиликлар исталган вақтда сўз эркинлигига қарши қурол сифатида фойдаланилиши мумкин».

«Kun.uz фаолияти билан боғлиқ сўнгги воқеалар ҳам буни кўрсатиб берди. Таҳририят бунга тоқатсизлик билдирди ва фаолиятида танаффус қилиш орқали ўз норозилигини ифодалади», — дейилади хабарда.

Нашр айрим давлат идоралари томонидан ОАВ фаолиятига аралашувлар, сўз эркинлигига тўсқинликлар ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидлади.

«ОАВ фаолиятига ҳар қандай босим ва цензурага йўл қўйиб бўлмайди. Бугунги сукунат орқали соҳадаги барча муаммоларга эътибор қаратишни истадик», — дейилади баёнотда.

Таҳририят Ўзбекистон қонунчилигини ҳурмат қилишини, давлат идоралари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, шу билан биргаликда, маънан эскирган ва эркинлик принципларига зид бўлиши мумкин бўлган қонунчилик нормаларини қайта кўриб чиқишга эҳтиёж бор деб ҳисоблашини маълум қилди.

Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти март ойида Ўзбекистонни «эркин бўлмаган» мамлакат сифатида баҳолаган эди. Ўзбекистонда эркинлик даражаси максимал 100 баллдан 11 баллга баҳоланди.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг апрель ойида эълон қилинган матбуот эркинлиги рейтингида эса Ўзбекистон 2018 йилдан бери биринчи марта битта позицияни пасайтириб, 180 давлат орасида 157-ўринни эгаллади.