Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти яна бир бор Ўзбекистонни «эркин бўлмаган» мамлакат сифатида баҳолади. Freedom in the World 2021 (PDF) янги рейтингида Ўзбекистонда эркинлик даражаси максимал 100 баллдан 11 баллга баҳоланди. Ўтган йили бу кўрсаткич 10 баллни ташкил этган.

Ўзбекистонликларнинг сиёсий ҳуқуқлари 40 баллдан 2 балл, фуқаролар эркинликлари даражаси 60 баллдан 9 балл билан баҳоланди.

МДҲ мамлакатлари рейтингида:

  • Озарбайжон — 10 балл / эркин эмас
  • Арманистон — 55 балл / қисман эркин
  • Белорусия — 11 балл / эркин эмас
  • Қозоғистон — 23 балл / эркин эмас
  • Қирғизистон — 28 балл / эркин эмас
  • Молдова — 61 балл / қисман эркин
  • Россия — 20 балл / эркин эмас
  • Тожикистон — 8 балл / эркин эмас
  • Туркманистон — 2 балл / эркин эмас
  • Ўзбекистон — 11 балл / эркин эмас
  • Украина — 60 балл / қисман эркин

Швеция, Норвегия ва Финляндия яна 100 балл билан рейтингнинг етакчиларига айланишди. Улардан кейинги ўринларда Янги Зеландия (99), Канада, Уругвай ва Голландия (ҳар бири 98 балл) бўлмоқда.

Энг ёмон натижаларни Тибет ва Сурия (ҳар бири 1 баллдан), Жанубий Судан, Эритрея ва Туркманистон (ҳар бири 2 баллдан), шунингдек, Шимолий Корея (3 балл) кўрсатди.

Freedom House ўз ҳисоботида бутун дунё бўйлаб эркинлик даражаси 15 йил кетма-кет пасайиб бораётганини таъкидламоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, бугунги кунда 54 мамлакат эркин эмас — бу 2006 йилда глобал эркинликнинг пасайиши бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич. Ушбу мамлакатлар дунё аҳолисининг 38 фоизини ташкил қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, COVID-19 пандемияси дунёда эркинликнинг пасайишини янада кучайтирган.