Azon.uz нашри таъсисчиси Мубашшир Aҳмад, МЧЖ раҳбари Ғайратхўжа Саидалиев, бош муҳаррир Aбдулазиз Муборак ҳамда «Azon TV» раҳбари Фарҳод Тоҳировга нисбатан диний мавзудаги материаллар учун жарима қўлланилди. Бу ҳақда Azon.uz нашри бош муҳаррири Aбдулазиз Муборак «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан маъмурий иш очилган. Суд қарори билан Aбдулазиз Муборак, Мубашшир Aҳмад ҳамда Фарҳод Тоҳировга БҲМнинг 20 баробари (4 млн 900 минг сўмг), Ғайратхўжа Саидалиевга нисбатан 50 баробар (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.

«Aфсусланарлиси, сайтнинг ижодий ишига шахсан ўзим жавобгарман. Лекин МЧЖ раҳбарига ҳам жарима қўлланилди, унинг сайтнинг ишига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам. Бу шахсан менга оғир ботди. Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди», — дея қўшимча қилади Aбдулазиз Муборак.

Aйнан қайси материаллар учун нашр раҳбарияти жаримага тортилгани ҳақида сўралганида Aбдулазиз Муборак қуйидагича жавоб берди:

«Туркия ва Россиянинг муносабатлари совуқлашди» деган мақола бор дейлик. Шу руҳдаги, хорижий давлатлар ҳақида тайёрланган мақолаларни «Ўзбекистон билан муносабатини бузиши мумкин», деган айбловлар билан ҳамда диний материалларни экспертизадан ўтказмаганлик бўйича айбловлар бўлди. Бу нарсанинг ҳам изоҳи бор. Бошлиғимиз Мубашшир Aҳмад домлага диний қўмитадагилар «сизнинг диний билимингиз етарли, сизга ишонамиз, диний материалларни қўяверинг. Биз вақтида рухсат бериб улгурмаяпмиз», деган оғзаки айтилган гапдан кейин берилаётганди. Диний экстримизм, терроризмга оид, миллатлараро ёки динлараро муносабатларни бузадиган, ҳар хил чақириқлар билан чиқадиган мақолаларни қўймаслигимизни улар яхши билганидан рухсат беришган. Ўша экспертизада ҳам алоҳида таъкидланган эди", — дейди у.

Azon.uz нашрининг бош муҳаррири ушбу ҳолат 4 ойча олдин Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев билан бўлган тортишув сабабли бўлган деб билади. «Aдоват сабабли бўлди бу нарса», — дея қўшимча қилади у.

Февраль ойида Azon.uz бош муҳаррири Абдулазиз Муборак Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлганини маълум қилган эди. Ўшанда бош муҳаррир шу сабаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

«Биз тарқатаётган хабарлар давлатимизни бошқа давлатлар билан муносабатига салбий таъсир ўтказиши мумкин деган хулосани беришга дин ишлари бўйича қўмитани ҳаққи йўқ, деб ҳисоблаймиз. Бу журналистик фаолиятга тўғридан-тўғри тажовуз», — дейди Aбдулазиз Муборак.

Нашрнинг маълумотларига кўра, қуйидаги материаллар раҳбариятга жарима солинишга сабаб бўлди:

1. «Исроил ракета технологиялари заводида портлаш содир бўлди» сарлавҳали хабар (2021 йил 22 апрель куни нашр қилинган);

2. «Туркия ва Россиянинг муносабатлари ёмонлашди» сарлавҳали хабар (2021 йил 22 апрель куни нашр қилинган);

3. «Сурия ҳукумати кимёвий қуроллар қўллагани боис чекловга учради» сарлавҳали хабар (2021 йил 21 апрель куни нашр қилинган);

4. «Чад: ўлдирилган президентнинг ўрнини ўғли эгаллади» сарлавҳали хабар (2021 йил 21 апрель куни нашр қилинган);

5. «Башар Асад яна президент бўлмоқчи» сарлавҳали хабар (2021 йил 21 апрель куни нашр қилинган).

«Шу каби мақолаларда гўёки биз хорижий давлатлар билан алоқаларни бузиб қўйиш мумкин деган айбловларни қилишяпти. Мен буни журналистикага тажовуз деб ҳисоблайман», — дейди Aбдулазиз Муборак.

Ундан бирор айбловларни тан олиш масаласида сўралганида, ҳеч қандай айбловни тан олмаслигини, судда ҳам енгиллик сўрамаганини таъкидлади.

«Биз бир йилча аввал экспертизадан хабаларни ўтказиб юрганмиз. Кейин диний қўмитанинг масъул вакиллари домлага оғзаки равишда ваколатни беришган. Бу ташкилотлар бирор буйруқ берса ҳам ёзма шаклда бермайди, оғзаки ишлайди улар. Ўша оғзаки буйруғига ишлаб юргандик. Шунинг учун буни ҳам айб, деб ҳисобламайманда», — дея қўшимча қилади у.

Aбдулазиз Муборак «Газета.uz»га ушбу жараён қандай бошлангани ҳақида гапириб берди.

«Бизни республика ИИВнинг Терроризм ва экстримизмга қарши курашиш бош бошқармасига телефон орқали бир суҳбат ўтказамиз, деб чақиришди. Шахсан ўзим эрталаб 9да бориб, кечқурунга 9да кирдим. Биз айнан эрталабки 9га чақирилган эдик. У ходим ўзини таништиргани йўқ, масалан. Шунчаки суҳбатлашишга деди. Охири биздан тушунтириш хати олди. Кейин бизнинг ишимизни Чилонзор тумани терроризм бўлими ходимига бериб, шуни суддан ўтказасан, деб туриб олган», — дейди у.

Таъкидланишича, судда бош муҳаррирга «Бош директор сизнинг ижодий ишингизга аралашадими», деган савол берилган. Aбдулазиз Муборак «Баъзи масалаларда, масалан, судга беришди кимдир, шуни ёритишда маслаҳат сўрайман», дея жавоб берган. «Шу гапим учун эллик баравар жарима солинди», — дея қўшимча қилади у.

«Биз бу нарсани олдиндан тайёрланган, яъни судда бизнинг бирор бир гапимиз ёки адвокатимиз гапи ҳам инобатга олингани йўқ. Экспертлар чақирилсин, исботлаб берсин айбларимизни, дедик, у ҳам бўлмади. Мақсад бизнинг овозимизни ўчириш бўлди. Бу ижтимоий тармоқларда троллар орқали ҳам амалга ошяпти», — дейди у.

Маълум қилинишича, республика ИИВнинг терроризм бўлими Azon.uz`нинг мақолаларини олиб, экспертизага берган.

Aбдулазиз Муборакнинг қўшимча қилишича, судга уларни 10:30 га яқин чақиришган, лекин судга материаллар 12 га яқин олиб келинган. «Биз суд устидан юқори турувчи органларга шикоят қиламиз», — дейди у.

Azon.uz ўз сайтида материалларни эълон қилишни тўхтатди. Сўнгги янгилик 21 июнь куни соат 20:35 да эълон қилинган.

22 июнь соат 16:48 вақтидаги скриншот.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам нашр бош муҳаррири изоҳ берди.

«Aйнан норозилигимиз ифодаси ўлароқ мақола бермаяпмиз. Бутун бизга бўлаётган муносабат: Республика терроризм бўлими ва Дин ишлари бўйича қўмита бизнинг фаолиятимизга тўсқинлик қилаяпти, лекин журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаши керак бўлган Журналистлар ижодий уюшмаси ва AОКA бунга муносабат билдирмаяпти. Журналистлар уюшмаси деган ташкилот бор. Билмайман, булар нима иш қилади?», — дейди у.

«Газета.uz» ушбу ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳам боғланди. ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов вазирлик Терроризм ва экстримизмга қарши курашиш бош бошқармасининг барча ҳаракатлари қонун доирасида амалга оширилганлигини, таҳририят шикояти бўлса судга мурожаат қилишини таъкидлади.

Ислом мавзуларига ихтисослашган Azon.uz сайти 2017 йил август ойидан бери фаолият олиб боради. Нашр мақсадлари — аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, дин ва маърифат соҳасидаги ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиш, мамлакатдаги ва хориждаги воқеаларни таҳлил қилиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сайтда эълон қилинган диний мазмундаги материаллар учун Kun.uz асосчиларидан бири ва раҳбари 12,2 млн сўм миқдорида жаримага тортилгани, суд қароридан кейин нашр янгиликларни эълон қилишни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.