21 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди Kun.uz нашри раҳбари ва асосчиларидан бири Махсуджон Асқаровни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184−2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва уни базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар берган.

Маълум бўлишича, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторинг кузатув тадбирлари давомида Kun.uz сайти томонидан диний мазмундаги мақолалар жойлаштириб келингани аниқланган.

Нашрнинг маълумотларига кўра, мониторингда аниқланган қуйидаги материаллар ИИВ ходимларининг гумонига сабаб бўлган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган:

1. «Инсон қаерда яшаётган бўлса, ўша жойнинг вақти бўйича рўза тутади. Рамазонга доир савол-жавоблар» сарлавҳали интервью (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан). 2021 йилнинг 17 апрель куни нашр қилинган.

2. «Ўзбекистонда энг катта бўлиши кутилаётган „Исломобод“ жоме масжиди қурилишига ҳисса қўшинг» сарлавҳали масжид хайрияси. 2021 йил 16 апрель куни нашр қилинган.

3. «Ойлар султони — Моҳи Рамазон муборак!» сарлавҳали хабар (таҳририятнинг Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан мусулмонларга йўллаган табриги). 2021 йил 12 апрель куни нашр қилинган.

4. «Рўза кимлар учун фарз, кимларга енгиллик берилган? — Рамазонга доир савол-жавоблар» сарлавҳали интервью (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан). 2021 йил 12 апрель куни нашр қилинган.

5. «Зулҳижжа ойи аввалги 10 кунида қилинадиган амалларнинг фазилатлари» сарлавҳали мақола. 2020 йилнинг 23 июль куни нашр қилинган.

6. «Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди» сарлавҳали хабар. 2020 йилнинг 18 ноябрь куни нашр қилинган.

7. «Маҳр — аёлнинг ҳақи. Унинг миқдори қанча ва қандай адо қилинади?» номли кўрсатув. 2021 йилнинг 18 апрель куни эълон қилинган.

Экспертиза тақдим қилган хулосада юқоридаги материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга даъватлар мавжуд эмаслиги, Ислом давлати қуриш ва халифалик бошқарувини жорий этишга қаратилган даъватлар мавжуд эмаслиги, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ёки мутаассиблик ғоялари билан йўғрилмаганлиги, фуқаролар ўртасидаги тотувликни бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар, миллий, ирқий, этник ва диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотлар мавжуд эмаслиги кўрсатилган, дея қайд этди Kun.uz.

Лекин, эксперт ҳижобли формани жорий қилган Янги Зеландия полицияси ҳақидаги хабарларда келтирилган иқтибосга эътибор қаратди:

«Мен муслима аёллар ҳам полицияда кўпроқ ишлаши кераклигини ҳис қиламан. Янги Зеландияда ҳижоб полиция формасининг бир қисми сифатида намойиш қилиниши жуда яхши. Ўйлайманки, буни кўрган муслималар полиция соҳасига кўпроқ қизиқиши мумкин», — дейди Зина Али.

Унинг фикрига кўра, ҳижоб формасидаги полициячилар ҳатто мусулмон бўлмаган ўлкаларда ҳам борлигини мақсадли кўрсатиш аҳоли орасида бу мавзулардаги бўлаётган ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкинлиги сабабли уни тарқатиш тақиқланиши таъкидланган, дея эксперт сўзларини келтирмоқда Kun.uz.

Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган барча материаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 10-сонли қарори талабларига зид равишда тайёрланганлиги [диншунослик экспертизасидан ўтказилмаган — таҳр.] сабабли Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши қайд этилган.

Юқоридаги эксперт хулосалари асосида бўлиб ўтган маъмурий судда Kun.uz раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184−2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Kun.uz таҳририяти аввалдан диний мазмундаги материалларни тайёрлашда Дин ишлари бўйича қўмита экспертиза гуруҳи билан самарали ҳамкорлик қилиб келишини таъкидлади.

«Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар эканлиги нуқтайи назаридан Kun.uz сайтида ижтимоий муаммолар, маиший ва оилавий низолар камайишига ўз ҳиссасини қўшиш каби хайрли мақсадларни кўзлаган ҳолда, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тегишли лавозимларга расман тайинланган имом-домлалар билан одоб-ахлоққа чақирувчи суҳбатлар бериб боради», — дейилади хабарда.

Нашр аввало мамлакатда қонунларга барча бирдек риоя этишга масъул эканлигини эътироф этган ҳолда, келгусида диний мавзудаги ҳар қандай материаллар ва хабарлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилишини маълум қилди.

22 июнь соат 12:08 вақтидаги скриншот.

Ушбу янгиликдан сўнг Kun.uz ўз сайтида материалларни эълон қилишни тўхтатди (ўзбекча версияси). Сўнгги янгиликлар соат 20:42 да эълон қилинган. «Газетa.uz» cўровига жавобан таҳририят суд қарорига изоҳ беришдан бош тортди.

Аввалроқ, Kun.uz нашри таъсисчилари ва раҳбарларидан бири Умид Шермуҳамедов етти ой ўтгач, Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг биринчи марта аэропортда 30−40 дақиқа ушлаб турилганлигини айтганди. У буни журналист сифатидаги касбий фаолияти билан боғлаган.