Венеция ва Будапешт «таҳдид остида» бўлган Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилиши мумкин

ЮНЕСКО Венеция ва Будапештни «таҳдид остида» бўлган Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишни тавсия қилади. Тегишли тавсиялар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси томонидан 16 июндан 31 июлгача Хитойда бўлиб ўтадиган йиғилишда кўриб чиқилади. Таъкидланишича, Венецияни бу рўйхатга киритиш таклифи оммавий туризмнинг оқибатлари билан боғлиқ. Будапештда мутахассисларнинг диққатини Дунай қирғоқлари ва Буда қалъаси жойлашган кварталга қаратилган. Шу билан бирга, ушбу рўйхатдан Ливерпуль порти ва Танзаниядаги Селус қўриқхонасини чиқариб ташлаш таклиф қилинди. — Интерфакс.


Aбу Дабида сайёҳлар COVID-19'га қарши бепул эмланади

Абу Дабида сайёҳларга COVID-19 коронавирусига қарши бепул эмлаш таклиф этилади. Маълумотларга кўра, Aбу-Даби визасига эга бўлган сайёҳлар ва сайёҳлик визасини олиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари шаҳарга келганида бепул эмлаш учун рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шу билан бирга, бундай таклиф БAAнинг қолган бешта амирлигида амал қилиши номаълум. Эмлашда Хитойнинг Sinopharm, шунингдек Pfizer ва BioNTech компанияларининг вакциналаридан фойдаланилади.

БААнинг соғлиқни сақлаш идоралари, мамлакат аҳолисининг 85 фоизи вакцинанинг камида битта дозасини олганлигини таъкидламоқда. — Интерфакс.


Никарагуада бир ой ичида президентликка беш нафар номзод ҳибсга олинди

Никарагуа миллий полицияси бир ой ичида президентликка бешинчи номзодни ҳибсга олди. Охирги ҳафталарда у ерда жами 15 нафар мухолифат раҳбари ҳибсга олинган. Демократик тикланиш партияси вакили Мигель Мора Барберена 20 июнь куни миллий суверенитетга таҳдид солувчи ҳаракатлар содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган, деди полиция. У шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловларида иштирок этишни режалаштирган эди.

CNN телеканали мухолифатнинг таъқиб этилиши амалдаги давлат раҳбари 75 ёшли Даниэль Ортега ҳам қатнашмоқчи бўлган президент сайловлари билан боғлиқ деб тахмин қилмоқда. У 2007 йилдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда, 1985−1990 йилларда ҳам беш йил президент бўлган. — CNN.


Испания ҳукумати ноқонуний референдум ташкил этишда айбланган Каталония сиёсатчиларини афв этди

Испания ҳукумати 2017 йилда ноқонуний референдумни ташкил этишда айбланиб судланган Каталония сиёсатчиларини афв этишга қарор қилди. Жорий йилнинг май ойи охирида Олий суд Каталония сиёсатчиларининг афв этилишига қарши чиққан эди. Ушбу қарор Испания ҳукумати судланганларни тўлиқ афв қила олмаслигини англатади. Ҳукумат маҳбусларга қолган қамоқ муддатини ўтамаслигига рухсат бериши мумкин, аммо давлат лавозимидан четлатиш бўйича қарор ўз кучида қолади.

2019 йил октябрь ойида Испания Қуролли Кучлари мустақиллик бўйича референдумни ташкил қилишда иштирок этган сиёсатчиларга нисбатан ҳукм чиқарди, улар 13 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Ушбу ишда қатнашганларнинг баъзилари исёнга чақириш ва пулни ўзлаштиришда айбдор деб топилди.

2017 йил 1 октябрда Каталонияда қиролликдан ажралиб чиқиш учун референдум бўлиб ўтди, Мадрид дастлаб ушбу референдумни ноқонуний деб атади ва унинг натижаларини тан олишдан бош тортди. Ўша йилнинг 27 октябрида Каталония парламенти мустақил республика эълон қилиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бунга жавобан мамлакат расмийлари конституциянинг 155-моддасини қўлладилар, бу ҳудуднинг ўзини ўзи бошқаришини чеклаш имконини берган эди. — ТАСС.

Испаниянинг мухолифатдаги Халқ партияси ҳукуматнинг Каталония сиёсатчиларини афв этиш тўғрисидаги қарорига қарши мамлакат Олий судига мурожаат қилишни режалаштирмоқда.


Қорабоғдаги Шуша шаҳрига Озарбайжон қўриқхонаси мақоми берилди

Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев Қорабоғдаги Шуша шаҳрига давлат қўриқхонаси мақомини берди. «Устав капитали 1 млн манат (588 минг доллардан ортиқ) бўлган „„Шуша шаҳри“ давлат қўриқхонаси бошқармаси“ юридик шахс ташкил этилмоқда», дейилади президент фармонида. Ҳужжатга кўра, Шуша ҳудудидаги давлат мулкини ижарага беришдан тушадиган даромаднинг ярми давлат бюджетига ўтказилади, қолган ярми қўриқхона раҳбарияти ихтиёрида қолади. — ТАСС.

7 май куни Озарбайжон президенти Шуша шаҳрини мамлакатнинг маданий пойтахти деб расмий эълон қилиш тўғрисида фармонни имзолаган эди.


Шунингдек:

  • Грузия ва Туркия ҳукуматлари коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган комендантлик соатини 1 июлдан бошлаб бекор қилмоқда. Бундан ташқари, Грузияда тиббий ниқобларни тақиш мажбурий бўлмайди, Туркияда эса жамоат транспортидан фойдаланишда ёш бўйича чекловлар бекор қилинди.
  • 2021 йилда Европа Иттифоқи чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари 47 фоизга ошиб, 47,1 минг муҳожирни ташкил қилган.
  • Қуддусда Исроил полицияси билан тўқнашувда 20 нафар фаластинлик жароҳатланди.
  • КХДРда 30 минг киши COVID-19 коронавирусига текширилди, улар орасида битта ҳам ижобий ҳолат аниқланмади.
  • Brent нефтининг нархи сўнгги 2 йилда илк бор 75 (1 баррель учун) доллардан ошди.
  • Украина ва Буюк Британия Украина Денгиз кучлари учун ҳарбий кемалар ва базаларни биргаликда қуриш тўғрисида келишиб олдилар.