Исроил 15 сентябрь куни БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги битимларни имзолади. Маросим Вашингтонда Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп, биринчи хоним Мелания Трамп ва бир неча ўнлаб меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтди, дея хабар берди РИА Новости.

Ҳужжатларни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, шунингдек, БАА ва Баҳрайн ташқи ишлар вазирлари Абдулла бин Зайд аль-Нахайян ва Абдул Латиф ал-Зайёни имзолади.

Ҳужжатларнинг уч нусхаси — иврит, араб ва инглиз тилларида тайёрланган. Ўзининг воситачилиги билан эришилган келишув битимларининг инглиз тилидаги нусхаларини Дональд Трамп имзолади.

Бундан ташқари, Трамп, Нетаньяху, БАА ва Баҳрайн ТИВ раҳбарлари алоҳида тўртта нусхада (инглиз, яҳудий ва иккитаси араб тилида) «Авраам келишуви»ни имзолади.

БАА ва Исроил Авраам шартномаси доирасида муносабатларни тўлиқ йўлга қўйиш борасида келишувга эришган эди. Бу шартномага кўра, Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилини эгаллашни ортга сурди. Кейинчалик Баҳрайн ҳам келишувга эришди.

Фаластин раҳбарияти ушбу келишувларга қатъиян қарши эканлигини, буни қоралашини эълон қилди ва ушбу қарорни «Қуддус, Ал-Ақсо ва Фаластин ишига хиёнат» деб атади.

Шу пайтга қадар фақат икки араб давлати — Миср (1979 йилдан) ва Иордания (1994 йилдан) Исроилни тан олган эди.